Янги ҳаётга дадил қадамлар билан


Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга  йўллаган табриги нафақат биз битирувчилар, балки, ўқитувчи-устозлар, ота-оналаримизни ҳам жуда қувонтириб, янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “…мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди.

Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар.

Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади”, деган фикрларидан куч олиб, катта мақсадлар билан янги ҳаёт сари қадам ташламоқдамиз.

Мен 2019 йилдан буён Президент мактабида таълим олиб келмоқдаман. Рус ва инглиз тилларига жуда қизиқаман. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, имкониятлар натижасида муддатидан олдин Тошкент шаҳридаги 2 та ҳамда АҚШнинг 9 та олий ўқув юрти талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Эндиликда, АҚШнинг Аризона университетида таҳсил олмоқчиман.

Мана шундай юксак муваффақиятларга эришишимда албатта, жонажон устозларимнинг меҳнати катта. Президентимиз раҳбарлигида  таълим тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар албатта, ёшларнинг ёрқин келажагини таъминлайди.  

Нурбек Йўлдошев,

Президент мактаби битирувчиси.