Оролбўйининг туризм салоҳияти: имкониятлар ва истиқбол


Нукусда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида “Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳияти: янги имкониятлар ва муаммолар” мавзусида онлайн йиғилиш ўтказилди.

Мазкур тадбир “Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал этиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Таъкидланганидек, маслаҳат кенгаши давомида ковиддан кейинги даврдаги туризмнинг жаҳон тенденциялари ва Қорақалпоғистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш имкониятлари кўриб чиқилади. Бу эса ҳудуднинг маданий ва табиий мероси тўғрисида халқаро ҳамда миллий даражада хабардорликни оширишга қаратилган бир қатор лойиҳа тадбирларининг дастлабкиси ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ички ва халқаро сайёҳларга ҳақиқий, номаълум ва гавжум бўлмаган саёҳат йўналишларини таклиф қилиши мумкин. Орол денгизига экстремал экологик экскурсиялардан, Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейига ташриф буюришгача Қорақалпоғистоннинг бой мероси Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларидан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятларга эга бўлган маданият ва урф-одатларини қамраб олади.

Айнан шу сабабли Оролбўйида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун минтақадаги туристик таклифларнинг барча турларини ўрганиш, инфратузилма ва хизматларни такомиллаштириш зарур.

Тадбирда испаниялик барқарор туризм бўйича халқаро эксперт ва Ипак йўли мутахассиси Алла Пересолова, Буюк британиялик туризм маркетинги бўйича мутахассис Кевин Харрис, журналист ва туризм бўйича мутахассис Жон Велл Оролбўйида туризмни ривожлантириш истиқболлари, ички ва халқаро сайёҳларга таклиф қилиниши мумкин бўлган йўналишлар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, туризм соҳаси тараққий топган мамлакатлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Онлайн тадбир жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Нукус шаҳрида ўтказиладиган “Медиа ва туризм: ривожланишга янги ёндашувлар” мавзусидаги икки кунлик амалий машғулот, шунингдек, 30 июндан 6 августгача бўлиб ўтадиган туризм ва Қорақалпоғистон маданий ҳамда табиий мероси тўғрисидаги медиа-таркибни тайёрлаш ва яратиш бўйича амалий машғулотлар (онлайн-инкубатор) билан давом этади.

Таъкидлаш жоизки, БМТ Тараққиёт Дастури ва ЮНЕСКОнинг “Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал этиш” қўшма дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди молиявий кўмаги билан амалга оширилмоқда.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.