РАҒБАТ ЯНАДА ФАОЛ БЎЛИШГА УНДАЙДИ — дейди «Қарақалпақстан» радиоканали журналисти Гоззал Яхудаева


“Куннинг мавзуси”, “Ҳазрати деҳқон”, “Саломатлик сирлари”, “Инсон манфаати”, “Давр ва ёшлар”, “Спорт менинг ҳаётим”, “Парвоз”, “Сиз суйган қўшиқлар”, “Қўшиқ кўнгилларга қувонч келтирсин” каби радио эшиттиришлари билан ҳар бир хонадонга кириб борган ширали овоз соҳибаси, “Қарақалпақстан” радиоканали журналисти Гоззал Яхудаевани бугун кўпчилик юртдошларимиз ҳурмат билан эътироф этишади.

Гоззал Яхудаева дастлабки меҳнат фаолиятини 2010 йилда радиоканал муҳаррири сифатида бошлаган бўлса, кейинчалик информацион дастурлар бошловчиси лавозимида ишлади. Шунингдек, “Хабар” дастурига бошловчилик қилиб, эшиттиришларни тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этди. У ўз фаоллиги, зукколиги, ташаббускорлиги ила ишга алоҳида масъулият билан ёндашиб, касбдошлари ҳамда кенг жамоатчилик орасида истеъдодли ёш журналист сифатида эътибор қозонди.

Маълумки, ўтган йил халқимиз учун қанчалик синовли бўлмасин, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касбини масъулият ва садоқат ила бажаришга ҳаракат қилишди. Г.Яхудаева ҳам карантин даврида онлайн тарзда тўғридан-тўғри уй шароитида «Куннинг мавзуси», «Инсон ва қонун», «Ҳазрати деҳқон», «Саломатлик сирлари», «Инсон манфаати» каби эшиттиришларни олиб борди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,  унинг тайёрлаган эшиттиришлари ҳамда дастурларида янгича креатив ёндашув яққол кўзга ташланади.

Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули рағбатга муносибдир. Г.Яхудаева соҳадаги имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзига билдирилган ишонч, кўрсатилган  эътибор натижасида кўпгина ютуқларга эришди. Фаолияти давомида бир неча бор  Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан диплом ва фахрий  ёрлиқлар билан тақдирланди. Жумладан, 2017 йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “МТРК соврини-2017” мукофоти, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ташкил этилган “Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда?” танловининг радио йўналишида “Энг яхши журналистлик материали учун” номинацияси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танловининг ғолиби бўлди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланиб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик- танловида ҳамда шу йили  Ўзбекистон Республикаси инновацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан “INNO week-2020” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилган “Илм –фан ва тараққиёт” танловида ғолибликни қўлга киритди. Инсон ўзига билдирилган ишонч ҳамда рағбатдан илхом олиб, янада янги марралар сари интилади.  Тинимсиз интилиш ва изланишлар  натижасида Г.Яхудаева жорий йилни ҳам муваффақиятлар билан бошлади. У 2021 йилда  Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан илк  маротаба ўтказилган “Гендер тенглик фаоли” миллий танловида “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши телевидение ва радио –дастур ” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.

—Гоззал Яхудаева ўзига топширилган ишни сидқидилдан ва маромига етказиб бажаради, — дейди ҳамкасбларидан бири Рисгул Шарапова — Шунинг учун ҳам уни жамоада ташаббускор, изланувчан, зийрак ва самимий инсон сифатида ҳамма ҳурмат қилади. Бугунги кунда у Қорақалпоғистон радиоканалида эшиттиришлар тайёрлаш баробарида, “Қарақалпақстан” телеканалида “Депутат ва жамият”, “Ёшлар вақти” кўрсатувларини ҳам тайёрлаб келмоқда.

Инсон қачонки ўз оиласидан кўнгли тўлса, ишида унум, самара бўлади. Икки нафар ширин фарзанднинг онаси бўлган Гоззал  оилада ҳам бахтли уй бекаси. У турмуш ўртоғи Қутлимурат Жаримбетов билан 15 йилдан буён бахтли ҳаёт кечириб келмоқда.

Гоззал Яхудаева билан суҳбатлашар экансиз, у бугунги кунда Ўзбекистонимизда, айниқса, жонажон Қорақалпоғистонимизда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар ҳамда ҳар бир соҳадаги кенг қамровли ислоҳотларни мамнуният билан эътироф этади.

— Бугун янгиланган Ўзбекистон, шу жумладан Қорақалпоғистонимизнинг имконият ва ютуқларини ҳар бир соҳада  амалга оширилаётган ислоҳотлардан англаш қийин эмас, — дейди суҳбатдошимиз Гоззал Яхудаева. — Айниқса, сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа кўплаб соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим соҳасидаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, газ, электр, сув таъминоти, муҳандислик коммуникация, ҳудудларнинг инфратузулмасини яхшилаш борасидаги ишлар албатта, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Йирик саноат корхоналарининг иш бошлаши натижасида аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳудудларимизнинг иқтисодий кўрсаткичи юксалиб бормоқда. Республикамизнинг энг олис ҳудудлари саналган Мўйноқ, Тахтакўпир, Бўзатов туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўрган кўзни қувнатади. Албатта, бунинг барчаси мустақиллик шарофатидир. Бу йил давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланиши нафақат, биз журналистлар, балки, шу юртда туғилиб, меҳнат қилаётган ҳар бир ватандошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Мустақиллик неъматларини сўз билан ифодалаш қийин, албатта. Энг муҳими, юртимизда инсон ва  унинг манфаатлари энг буюк қадрият сифатида қадрланади, ҳар қандай ислоҳот инсон омилига хизмат қилади. Эътиборлиси, бу каби ўзгаришлар ва ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш биз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг асосий вазифасидир. Шу боис, ҳар бир кўрсатув ва эшиттиришларимни таҳлилий руҳда олиб боришга ҳаракат қиламан.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Г.Яхудаева жорий йилги 27 июнь -Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан “Ўатан пидайысы” кўкрак нишони билан тақдирланди.

— Бу Қорақалпоғистон телерадиоканали жамоасига, бутун касбдошларимга берилган юксак ишонч, эътибор деб биламан. Бу каби эътибордан руҳланиб, янада фаоллик, шижоат билан ишлашга ҳаракат қиламан, — дейди суҳбатдошимиз.

Дарҳақиқат, бугун оммавий ахборот воситалари ходимлари, яъни журналистларимиз олдига жуда катта масъулиятли вазифалар қўйилган. Зеро, журналистлар халқ билан ҳокимиятни боғловчи кўприк вазифасини адо этар экан, бу йўлда улар янада фаол, шиддатли ва ташаббускор бўлиши муҳим аҳамият касб этади.