Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган стратегия изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, юртимизда хали ҳамон ўз изларини тўлиқ йўқотмаган коронавирус пандемияси даврида ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг ўз меҳнати натижаларига қизиқишини янада ошириш, илғор технологияларни жорий этиш муҳим вазифалардан биридир.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фермер хўжаликлари, кластерлари ва кооперативларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан бозор механизмларини жорий этиш, илғор технологиялар, кластерли ишлаб чиқариш тизимига ўтиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга соҳага оид қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг қарор ҳамда фармонлари бу соҳада давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг далилидир.
Маълумки, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фермер хўжаликларининнг тутган ўрни катта. Фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларини мустаҳкамлаш, ер майдонларини мақбуллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада одамларнинг ерга, мулкка эгалик ҳисси ошиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги кўтарилиши баробарида, етиштирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланмоқда.
Эътиборлиси, фермерлар томонидан бозор талаби пухта ўрганилган ҳолда, замонавий технологик ускуналар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган ноз-неъматлар бозорлардан мустаҳкам жой эгалламоқда. Уларнинг сифати юқорилиги, нархи эса арзонлиги боис кун сайин харидоргир бўлиб бораяпти.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида белгиланган қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш борасида ҳам қатор самарали натижаларга эришилди.
Бир сўз билан айтганда юртимизда фермерлар фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган қатор ўзгаришлар, яратилаётган шароитлар уларга ўз меҳнатидан манфаат кўриш, рағбат топишдек бахт-саодатни бермоқда.
Бабур Қалбаев,
Беруний туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.



