ЮРТДОШЛАРИМИЗНИНГ МЕҲНАТИ МУНОСИБ БАҲОЛАНДИ


Шу йилнинг 30 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида бир гуруҳ фахрийлар, вазирлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни мамлакатимиз ҳаётидаги энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда ҳаётимизнинг барча жабҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тарихан қисқа вақт ичида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ишлар натижасида юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар юз бермоқда, халқимизнинг фаровон турмуши, бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишда фидойилик кўрсатган, юртимиз мус­тақиллигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган юртдошларимизнинг меҳнати ўзининг юксак баҳосини топмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, байрам муносабати билан 1 минг 530 нафар юртдошимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Тадбирда бир гуруҳ фахрийлар, вазирлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига мазкур эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан фахрий генерал-майор Ж.Шилманов, Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми директорининг биринчи ўринбосари, “Дўстлик” ордени соҳиби А.Жанибекова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Т.Атамуратов, меҳнат фахрийси Н.Сабиров, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Н.Ансатбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Ж.Уснатдинова сўзга чиқиб, юксак эътибор ва ғамхўрлиги  учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.