Газетамизнинг 6-саҳифасида сайловолди ташвиқоти доирасида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган кўплаб устувор йўналишларга оид мақола чоп этиляпти.
Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилинмоқда.
МАҚСАДИМИЗ ҲАР БИР СОҲАДА
ТУБ ИСЛОҲОТЛАР ЎТКАЗИШ
Янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партияси фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуришни ўзининг бош мақсади деб билади.
Фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, аҳолининг заиф тоифаларини алоҳида ҳимоя қилиш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш партия фаолиятининг муҳим йўналишлари сирасига киради.
Сайловчиларга ўз дастуримизни партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ҳамда “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак!”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этмоқдамиз.
Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришни бош мақсадимиз, деб биламиз ва қуйидаги вазифаларни устувор деб ҳисоблаймиз:
– халқ самарали ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш;
– парламентаризмни ривожлантириш;
– давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди.
Биз депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чораларини кўрамиз. Ишончни оқламаган депутатларни чақириб олишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқамиз ва уларни қонунчиликка киритиш чораларини кўрамиз.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур, деб биламиз. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини амалиётга татбиқ этиш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимини ҳоким лавозимига боғлиқ бўлмаган ҳолда алоҳида жорий этиш партия фаолиятининг мақсадидир.
Бунинг учун:
– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш;
– давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган ваколатларни бажариши учун уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ механизмларнинг аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқамиз.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига танлов асосида ишга қабул қилиш ва ходимлари сонини мақбуллаштириш борасида таклифлар киритамиз.
Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишдир. Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.
Ижтимоий адолатни қарор топтириш, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва давлат бошқарувида ошкора танлов тизимини изчил амалга оширишдир.
Партиямиз фаолиятининг яна бир устувор йўналиши жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашишдир.
Биз барча соҳадаги ижтимоий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга интиламиз.
Адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқамиз. Жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаймиз. Айрим жиноят турларига маънавий жазо чоралари қўллашни илгари сурамиз.
Биз прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатамиз. Ноҳақликнинг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга “халқ судлари” мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиётини янада кенгроқ йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Фуқаролар суд органларини ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони деб билиши керак.
Биз адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриш, бу борада амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз. Судда ҳам, давлат ва маҳаллий давлат идораларида ҳам кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини кенгайтирамиз.
Бизнинг партия ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига бериш тарафдори.
Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Ҳозирги кунда ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савиясини ошириш ва дунёқарашини талаб даражасида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтарамиз. Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига ҳозиргидек 3 ёшдан эмас, 2 ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришамиз. Социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз.
Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббускори бўламиз.
Таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажрибалар ва миллий қадриятлар, диний ақидалар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратамиз. Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз.
Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз. Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз.
Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.
Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз.
Биз таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантирамиз!
Мамлакат таълим тизими умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашган ҳолда ёшларимизнинг ижтимоий адолатга ишончини кучайтириши, билим ва маърифатга интилиши учун хизмат қилмоғи лозим!
Ҳозирда дунёда кечаётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бериш мумкин.
Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этишда партия таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўради.
Бунинг учун биз таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қиламиз. Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошади, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биз нафақат олимларни, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шароитларни яратамиз! Шунингдек, бугунги кунда эътибордан четда қолаётган иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз.
Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдоримиз.
“Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш тарафдоримиз.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштиришда, яъни фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
“Тиббиёт ходими” мақомини белгилаймиз, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштирамиз.
Шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.
Ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш энг устувор йўналишларимиздан биридир.
Давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаймиз.
Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизимини шакллантириш ёрдамида дори-дармон спекуляциясига, дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўямиз!
Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз қишлоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдир. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Биз мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Айниқса, бугунги кунда болалар орасида кенг тарқалаётган ва уларнинг соғлом ривожланишига тўсиқ бўладиган ясситовонлик, сколиоз, тиш касалликларига биринчи ва ўта муҳим масала сифатида қараймиз.
Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашдан иборат.
Аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила аёллар ўз меҳри билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.
Партия оилаларда адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборини қаратади.
Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқамиз.
Репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини барқарор таъминлаш мақсадида, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга оширамиз.
Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Гендер тенглигига эришиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Биз хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда бардавом бўлиб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.
Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш учун кўмаклашиш партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Мақсадимиз ҳаммамиз учун азиз ва мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, барқарорликни сақлашдир.
Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!
Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,
«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.



