Нукусда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Нукус деҳқон бозори” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда “Ёш деҳқон маҳсулотлари” агро ярмаркаси ташкил этилди.
Маълумки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида етук кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг соҳада бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Агро ярмаркада “Ёшлар дафтари”га киритилиб, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида ер майдони ажратилган 80 нафар ёш деҳқон ўзлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этди.
– “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида бизга 20 сотих ер майдони ажратиб берилди, – дейди Элликқалъа тумани “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғинидан Д.Рўзимов. – Дастлабки маҳсулотимизни бугунги ярмаркага олиб чиқиб сотаяпмиз. Экин майдонидан бу йил 4 тонна сабзи етиштиришни режалаштираяпмиз.
Дарҳақиқат, бу каби саъй-ҳаракатлар бандликни таъминлаш баробарида оила фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



