Улмамбет Хожаназаров


Шу йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири, “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, таниқли шоир, давлат ва сиёсий арбоб Улмамбет Хожаназаров 83 ёшида вафот этди.

Улмамбет Хожаназаров 1938 йили Кегейли туманида туғилган. 1960 йилда Қорақалпоқ давлат педагогика институтини, 1980 йили Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясини тугатган.

1960-1992 йилларда Кегейли туманидаги 3-сонли мактабда ўқитувчи, ўқув бўлими бошлиғи, Қорақалпоғистон телевидениесида муҳаррир, “Амударё” журнали бўлим бошлиғи, бош муҳаррир, Қорақалпоғистон область партия қўмитасида инструктор, бўлим бошлиғи ўринбосари, “Совет Қарақалақстаны” газетаси бош муҳаррир ўринбосари, Бўзатов туман партия қўмитасининг иккинчи котиби, Нукус туман партия қўмитасининг биринчи котиби,  Қорақалпоғистон давлат телерадиоқўмитаси раиси, халқ депутатлари  Нукус туман Кенгаши раиси лавозимларида самарали  хизмат қилди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, яъни, 1992-2000 йилларда Нукус тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раиси лавозимида ишлади.

Халқимиз ишончини қозонган У.Хожаназаров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига депутат сифатида сайланиб, юртимизнинг ижтимоий –сиёсий ҳаётида, қонун ижодкорлиги ва уларнинг ижросини таъминлаш борасида ҳам самарали ишларни амалга оширди.

У Хожаназаров қайси лавозимда ишласа ҳам ўзини меҳнатсевар, чуқур билимли, ишнинг кўзини биладиган моҳир ташкилотчи сифатида танита билди ва халқимиз орасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлди. У миллий адабиётимизнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб, бир қатор шогирдлар тайёрлади.

Унинг кундалик ҳаётнинг муҳим масалаларига бағишланган публицистик ижоди билан бирга кўпгина бадиий асарлари халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

У Хожаназаровнинг серқирра фаолияти юқори баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистон халқ шоири” фахрий унвони, шунингдек,  “Шуҳрат” медали ва  “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Халқимиз манфаати йўлида бетиним меҳнат қилган қадрдон инсон, таниқли шоир, намунали устоз Улмамбет Хожаназаровнинг ёрқин хотираси халқимиз ёдида узоқ сақланиб қолади.

М.Камалов, Қ.Сариев, А.Давлетов, Д.Қурбаниязов,

Т.Абдижаббаров, У.Панаев.