Коррупцияга қарши курашишда ОАВ ўрни


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг фаолияти бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари билан семинар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З.Реймова, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири  С.Мамбетқадиров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори биринчи ўринбосари С.Иматов  коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш Кенгашнинг асосий фаолиятидан бири эканлигини қайд этди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари тўғрисидаги Низом, Коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий актлар, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида содир этилган жиноятлар, ушбу жиноятлар бўйича жавобгарлик тўғрисида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга ҳамкорликда курашиш ижобий самара бериши қайд этилди.

Семинар иштирокчилари коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қ.Х.А.

М.Ҳабибуллаев

олган сурат.