Ёшларда касбий маданиятни шакллантириш жамият, миллатнинг ички ҳаёти, руҳий кечинмалари, ақлий қобилияти, идрокини мужассамлаштирувчи қудратли куч, инсон ва жамият ривожланишининг негизи сифатида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош омили ҳисобланади. Касбий маданиятли мутахассисларни тайёрлаш иқтисодий-ижтимоий ҳаёт тизимининг шаклланиши ва ўзгаришига кучли таъсир кўрсатади. Унинг ривожланиб бориши натижасида жамият равнақ топади. Чунки, касбий маданиятга эга бўлган мутахассислар жамият ва миллат равнақининг бой пойдевори саналади. Демак, касбий маданият ниҳоятда кенг тушунча бўлиб, Янги Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишни ўзида мужассам этади. Зеро, юртимизда касбий маданиятли кадрларни тайёрлашга кучли эътибор берилишининг боиси ҳам ана шунда.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш таълимни модернизация қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистон–мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз.
Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.
Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз.
Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз.
Бир сўз билан айтганда, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради».
Бу вазифаларни амалга оширишда олий ўқув юрти талабаларида касбий маданият ҳақидаги билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, касбий маданият мустақил фикрлаш, мустақил ишлаш кабиларнинг асосий манбаи бўлибгина қолмай, балки ҳар бир шахснинг ижобий қобилиятини намоён этиш, интеллектуал жиҳатдан ривожланиш, касби бўйича меҳнат хусусиятларини намоён этиш имкониятларини оширади.
Ёшларда касбий маданиятни шакллантиришнинг асосий мақсади олий техника таълимини ривожлантириш асосида давлат, жамият ва шахс манфаатларини қаноатлантирган ҳолда, техник йўналишдаги касб-ҳунар коллежлари учун юқори малакали, рақобатбардош педагогларни тайёрлашдан иборатдир. Дарҳақиқат, бугунги кунда олий таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ илғор, замонавий, олий таълим ва касб-ҳунар дастурлари асосида юқори, самарали ўқитишни ташкил қилиш ва малакали педагог кадрларни етиштиришни таъминлаш зарур.
Айтиш жоизки, ёшларнинг меҳнатга ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларнинг касбий маданиятини юксалтиришга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.
Бунинг учун оилада болаларга касбий маданият ва одоб-ахлоқнинг бошланғич қоидаларини ўргатиш бўйича ота-оналар учун услубий тавсиялар ишлаб чиқиш лозим. Оила даврасида касбий маданият саводхонлигини оширишга мўлжалланган, элементар билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан қўлланмалар тайёрлаш зарур. Болалар учун касбий маданият мавзуларида турли мультипликацион фильмларни яратиш шунингдек, болаларга мўлжалланган кундалик турмушда қўлланиладиган одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатишга қаратилган аудио эртаклар, кинофильмлар ва киножурналлар ишлаб чиқилса яхши самара беради. Маҳаллаларда энг долзарб, ёшларни қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиш ва таҳлил натижасига кўра манзилли ва предметли касбий маданият тарғиботини амалга ошириш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, бўлажак муҳандис педагогларда касбий маданиятни шакллантиришда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқитиладиган фанларнинг ўрни катта. Ёшларнинг ўқув амалиётларига янги педагогик ва ахборот технологияларини киритган ҳолда ўтказилишини ташкил этиш ва таъминлаш, олий ўқув юрти, фан ва ишлаб чиқаришнинг уйғунлашувининг амалий тизимларини яратиш ва амалиётга киритиш, илмий-педагогик кадрлар ва талабаларнинг илмий-тадқиқотлари ва ижодий фаолиятлари орқали фан, техника ва технологияларни ривожлантириш ёшларда касбий маданиятни шакллантиришнинг асосий негизи ҳисобланади.
К.Юсупов,
Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори ўринбосари.



