Асосий қомусимиз барчамиз учун азиз ва муқаддасдир


Юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини тараққий эттириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Барчага яхши маълум эркин фуқаролик жамиятининг асосини эркин фикрлайдиган, теран ҳуқуқий ва сиёсий маданиятга эга фуқаролар ташкил этади.

Бугунги кунда жамиятимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ўзгариш ва ислоҳотлар ягона мақсадга – мамлакатимиз аҳолиси, айниқса хотин-қизлар ва ёшларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзининг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳиятини амалга ошириши учун зарур имкониятлар яратишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз негизида, асосий қомусимиз саналган Конституциямиз ҳаракатлантирувчи куч сифатида турганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз ўринли.

Демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг асосий шартларидан бири саналган қонун устуворлигига эришиш,  давлат ва жамият бошқаруви  тизимида қонунларнинг мавқеини ошириш, қонунларга ҳурмат ва риоя қилишни барчанинг турмуш  тарзига айлантириш –Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги энг асосий  мақсадларимиздан бири ҳисобланади.

Асосий қомусимизнинг қайси бир моддасини олиб қарамайлик, унда халқимизнинг теран тарихий илдизларига асосланган, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий мероси ўз аксини топганлигини, миллий менталитетимизга ва маънавиятимизга хос улуғ ахлоқий ҳислатларни ўзида мужассам этганлигини кўрамиз.

Хусусан, мамлакатимиз Конституциясининг 66-моддасида «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» дея белгилаб қўйилиши, юқоридаги фикрларимизнинг аниқ тасдиғидир.

Шунингдек, фуқароларимизнинг давлат ва жамият қурилиши, бошқарувидаги фаолликларини оширишга қаратилган қатор сиёсий ҳуқуқлари ҳам асосий қомусимизда ўз аксини топган.

Жумладан, 32-моддада «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади» деб келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи эса, 34-моддада ўз аксини топган.

Асосий қомусимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан барча юртдошларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Улбосин Сейтжанова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари.