Шу йилнинг 1 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, йиғилганларни 1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 32 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, тил ҳар бир халқнинг маънавий бойлиги, қадриятлар негизи ва асосий алоқа воситаси саналади. Шу боис, азал-азалдан халқимизда “Тил миллат кўзгуси”, “Тил яшаса, миллат яшайди”, “Тилга эътибор-элга эътибор” каби пурмаъно, ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаган.
Неча асрлардан буён аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимиз халқимизнинг ўзлигини намоён қилишида, юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётида, жамиятнинг ривожланишида муҳим ўрин эгаллаб келаётган бебаҳо мерос, шунингдек, юртимиз тарихини, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган бебаҳо хазинамиздир.
Дарҳақиқат, миллий маданият ва маънавиятимизнинг ривожланишида она тилимизнинг ўрни, аҳамияти жуда катта. Шу сабабдан, юртимизда она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилгани, қорақалпоқ тилида янги дарсликлар ва қўлланмалар, адабий китоблар, монографияларнинг нашрдан чиқарилаётгани, она тилимизни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётганини қайд этиш зарур. Шунингдек, лотин имлосидаги “Қорақалпоқ тилининг орфографик луғати” чоп этилгани, таълим муассасалари учун қорақалпоқ тилидаги бадиий адабиётларнинг етказиб берилиши қорақалпоқ тилига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир. Шунинг учун ҳам жорий йилда ушбу байрамнинг “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтказилиши бежиз эмас. Қутлуғ сана муносабати билан республикамизнинг барча жойларида байрам тадбирлари, учрашувлар, адабий кечалар ва турли танловлар ўтказилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шу йилнинг 16 июль санасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан “Қорақалпоқ тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида 2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, ушбу концепцияни 2021-2023 йилларда амалга ошириш дастури, лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Қорақалпоқ тилини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, таълим муассасаларида она тилимизни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, қорақалпоқ тилининг замонавий ахборот-технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашни таъминлаш, қорақалпоқ тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, тил тозалигини сақлаш, уни бойитиб бориш ҳамда аҳолининг нутқ маданиятини ошириш сингари бир қатор вазифалар белгилаб олинди.
Албатта, бу борада амалга оширилаётган ишлар она тилимизни ривожлантириш, унинг нуфузини янада ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди. Ҳозирги глобаллашув ва ахборот даврида она тилимизни софлигича сақлаш ва уни келажак авлодга безавол етказиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Тадбирда Тахтакўпир туманидаги 6-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Д.Қаниязова йиғилганларни байрам билан табриклади. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Ж.Турдибаев ўзининг она тилига бағишланган шеърини ўқиди.
Тадбирда олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.
Байрам концерт дастури билан давом этди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.



