Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йилнинг 20 декабрь куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда сенаторлар, секторлар ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов кириш сўзи билан очди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессияда республикамизни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва 2022 йилга белгиланган режалар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ­Раиси Қ.Сариевнинг мурожаати тингланди.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан жорий йил якунлари ва истиқболдаги режалар тўғрисида ҳокимларнинг мурожаатлари тингланмоқда. Бугунги кунга қадар республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳокимларнинг кенг жамоатчилик ва халқимизга мурожаати қабул қилинди.

Йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратсак, йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 108,7, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 111,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 105,5, қурилиш-пудрат ишлари 111,6, хизматлар ҳажми 124,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2020 йилга солиштирганда 846,8 минг сўмга ортиб, 8,1 миллион сўмни ташкил этиши ёки, 111,5 фоизга ўсиши, хизматлар ҳажми 1,1 миллион сўмга ортиб, 4,5 миллион сўмни (133,1 фоиз) ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, 23100 янги иш ўрни яратилиб, бандлик дастурининг 105 ­фоизга бажарилишига эришилади.

Бюджетга 1767,0 миллиард сўмлик тушим тушиши, шундан маҳаллий бюджетга 1680,6 миллиард сўм тушим тушириш ҳамда республикамиз ихтиёрида 66,5 миллиард сўм эркин қолдиқ маблағи қолиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, жами баҳоси 5 триллион 83 миллиард сўмлик 756 та лойиҳа ишга туширилиб, шунинг ҳисобидан 9206 янги иш ўрни яратилди. Республикамизда 91,6 миллион долларлик ташқи инвестиция ўзлаштирилиб, унинг миқдори 2020 йилга таққослаганда 112 фоизга, йил якуни билан 124 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилиб, ўтган йилга солиштирганда 122,4 фоизга, экспортёр корхоналарнинг сони 50 тага ортиши кутилмоқда.

Жорий йилда “Темир дафтар”га киритилган 15189 оилага, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 94 мингдан ортиқ фуқарога ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиб, жами 3 жамғармага маҳаллий бюджетдан 42,6 миллиард маблағ ажратилди.

Жорий йилда 505,6 километр ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, 680,6 километр ичимлик суви тармоғи қурилиб, таъминланганлик даражаси 68,1 фоизга етди.

Электр таъминоти бўйича жорий йилда 843,6 километр тармоқ ва 207 дона трансформатор пунктлари реконструкцияланиб, модернизация қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида 71 мингдан ортиқ оиланинг, 1 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 180 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасасининг электр таъминоти яхшиланди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йил давомида 281 объектда, хусусан, 46 та болалар боғчаси, 206 та умумтаълим мактаби, 18 та соғлиқни сақлаш ва 11 та бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ушбу мақсадларга 413 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Жорий йилда мактабгача таълим ташкилотларининг сони 1304 га, қамраб олиш 71,3 фоизга етказилди. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди.

Қишлоқ хўжалигида деҳқонларнинг даромадини оширадиган, экспортга қулай маҳсулотларни етиштириш борасида тинимсиз ишлар олиб борилди. Ташкил этилган кластерлар томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ҳосилдорликнинг ошишига эришилди.

Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасидаги сайловчилар билан учрашувида 2022-2026 йилларга режалаштирилган асосий вазифалар ва мақсадли параметрларни белгилаб берди. Шу асосда Қорақалпоғистон Республикасини келгуси 5 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ва унинг 2022 йилда ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Бунда асосий эътибор давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни ва ишсизликни қисқартириш масаласига қаратилади.

Сессияда депутатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Мурожаати бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси, Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир ишлари тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судининг ахборотлари тўғрисида, Қорақалпоғистон Республикасининг 2022 йилги ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузулмасини ривожлантириш ­дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги, Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Орол­бўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича қўмита раиси ­Б.Алиханов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.