Мана, юртимизга янги 2022 йил ҳам янги орзу ва мақсадлар билан кириб келмоқда. Йил сарҳисобини юритар эканман, аввало ўзимга ўзим савол бераман, мен ёшлар етакчиси сифатида нималар қилдим, ёшларимиз қандай мақсад ва марраларга эриша олди, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бераяптими? Ва албатта келгусидаги режа ва вазифалар хусусида бош қотираман.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уюшмаган, иш билан банд бўлмаган ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, умуман олганда ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаб, маънан ва жисмонан соғлом бўлиб етишишини таъминлаш ҳар биримиздан янада фаолликни талаб этмоқда.
Бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамда мутасадди идоралар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда маҳаллабай шакллантирилган “Ёшлар баланси” асосида 47 минг 635 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди.
Касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредитлар, ер майдонлари ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоий – моддий қўллаб-қувватлаш натижасида 45 минг 596 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 628 нафар имконияти чекланган ва тиббий ёрдамга муҳтож ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари ҳал этилиб, доимий назоратга олинди.
Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туман (шаҳар)ларда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилиб, ишсиз ёшларга асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари, ypyғлик ва кўчат харид қилиш учун субсидиялар ажратиш, нотураржойлар ижараси ва бошқа йўналишларда 15 млрд. 720 млн. сўм миқдорида амалий ёрдам кўрсатилди.
“Маҳаллабай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича ташкилот ва идоралар, секторлар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда ёшлар томонидан билдирилган муаммо, таклиф ва масалалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Шу ўринда рақамларга эътибор қаратсак, ўтган 2021 йилда 28 минг 384 нафар ёшларга 11 минг 326 гектар экин майдонлари ажратилиб, уларнинг ўзини-ўзи банд қилишига эришилди. Йил давомида 2 минг 308 нафар ёшлар касб-ҳунар ва 7 минг 445 нафари тадбиркорликка ўқитилди.
Республикамизда ташкил этилган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да 66,4 млрд. сўмлик 103 та лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 498 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
6 минг 259 нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида 6 минг 519 та янги иш ўринлари яратилди.
Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Бизнес марафон”, «Агро марафон”, “Бизнесга биринчи қадам”, «Бизнес саёҳатлар” ва “Ёш деҳқон маҳсулотлари” лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”, “Республика ёшлар овози” фестиваллари, шунингдек, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда шаҳар бўйлаб “Обод ҳудуд” оммавий кўкламзорлаштириш лойиҳаси ўтказилди. Бундан ташқари, “Яшил макон” ёшлар акциясида ҳам ёшлар фаол иштирок этишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасидаги ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, таълим муассасалари ва спорт объектларида ташкил этилган тўгаракларда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланиб келишмоқда.
IT ва рақамли технологияларни ривожлантириш мақсадида 17 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 67 минг нафардан ортиқ ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилмоқда.
Китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Ёш китобхон” ҳамда “Ёш китобхон оила” танловлари юқори савияда ўтказилди. Шунингдек, йил давомида 62 мингдан ортиқ китоблар ёшларга етказиб берилди.
Тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талаба ёшлар учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бугунги кунга қадар 2 607 нафар ёшларга 23 млрд. 348 млн. сўм имтиёзли таълим кредитлари ажратилди.Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 873 нафар талабага 50 фоизгача миқдорида жами 2 млрд. 695,5 млн сўм шартнома маблағлари тўлаб берилди.Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 30 нафар ёшларга 64,2 млн. сўм миқдорда имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.
Ёшларнинг илмий-инновацион фаолияти, хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида “Ибрат” тиллар оромгоҳи, «Бўлажак олим», “Дуэл”, “Заковат”, “Имкон”, “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳа ва танловларда 4 минг нафарга яқин иқтидорли ёшлар қамраб олинди.
Дарҳақиқат, фаол, ташаббускор ва билимли ёшлар мамлакатимиз келажаги сифатида қаралади. Мана шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш натижасида 7 нафар ёшлар давлат мукофотлари ва 280 нафардан ортиғи “Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ёшларимизнинг бу каби ютуқлари жуда кўп.
Демоқчиманки, бугун юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар жуда кўп. Фақатгина улардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш лозим. Зеро, илимли, мустақил фикрлайдиган, маънан ва жисмонан баркамол ёшлар юрт тараққиётининг асосий таянчидир. Мана шундай эзгу ислоҳотларни амалга оширишда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга тўғри йўл кўрсатиш биз раҳбар–мутасаддиларнинг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.
Абатбай Данияров,
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Сенатор.



