Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Менинг Президентим” ижодий ишлар ҳамда “Конституция – эркинлигимиз кафолати” танловлари республика босқичи иштирокчиларини ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган ижодий ишлар танловида Оролбўйи мактаб ўқувчилари ҳам муносиб иштирок этиб қайтди.
Жумладан, Бўзатов туманидаги 13-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулферуз Сарибаева иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Беруний туманидаги 30-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Севинч Раҳмонова “Ёшларга оид давлат сиёсати ёритилган энг яхши иншо» номинацияси ғолиби бўлди. Шунингдек, Нукус туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Анжим Узоқберганова ижодий ишлар танловида фаол иштирок этган бўлса, Чимбой туманидаги 31-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилбар Қуанишбаева “Конституция-эркинлигимиз кафолати” кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллади.
“Менинг Президентим” ижодий ишлар ҳамда “Конституция-эркинлигимиз кафолати” танловлари республика босқичи иштирокчилари ва уларнинг ўқитувчиларига диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида бир гуруҳ ўқитувчилар “Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот
агентлиги.



