«Дўстлик уйи» фойдаланишга топширилди


Янги йил байрами арафасида Нукус шаҳрида “Дўстлик уйи” фойдаланишга топширилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни Янги йил байрами ҳамда “Дўстлик уйи” нинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб, юртимизда 30 июль санасини “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этган эди. Шунингдек “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги  “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони миллий маданий марказлар фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этиш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очиб берди.

Турли миллат вакиллари бир оила бўлиб яшаб келаётган Оролбўйида  “Дўстлик уйи” нинг фойдаланишга топширилиши бунинг амалдаги ифодаси бўлди. Аввал бўш турган бинода 3 миллиард сўмлик реконструкция ишлари олиб борилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Бу ерда 5 та миллий маданий марказлар, шунингдек ижтимоий аҳамиятга эга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб боради. Тадбир иштирокчилари миллий маданий марказлар томонидан ташкил этилган кўргазма ҳамда “Дўстлик уйи” да яратилган шароитлар билан танишди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.