ОҒИЗБИРЧИЛИК ФАЛСАФАСИ
меҳр-оқибат ва бахтли кунларимиз моҳиятида акс этади
Шу кунларда қорақалпоғистонликларнинг қадди янада баланд, кайфияти чоғ, хурсандчилигининг чеки йўқ. Бунинг боиси бор, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30 март куни Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, ҳудудимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши учун янги босқичга замин яратиб берди.
Янги босқичнинг саккиз муҳим жиҳати
Биринчидан, ташриф доирасида 6 янги корхона ишга туширилди. Мана шу корхоналарда 1000 дан зиёд доимий иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади. Бу оддий рақамлар эмас, ҳар бирининг замирида инсонлар тақдири, оилалар фаровонлиги, жамият ривожи турибди.
Тасаввур қилинг, 1000 дан зиёд доимий иш ўрни, дейиляпти. Бу шунча оиланинг тўкис ҳаёт кечиришига асос, дегани эмасми?! Ҳар бир оиланинг ўртача тўрт-беш аъзоси бўлса, тўрт-беш минг фуқаронинг ҳаёти фаровон кечаётганини англатмайдими?!
Иккинчидан, маҳаллаларда муаммо қолмайди. Гап шундаки, давлатимиз раҳбари аҳоли фаровонлигини янада ошириш, халқимиз бугун ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун Қорақалпоғистондаги 452 маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди.
Бунинг қанчалик муҳимлигини Президентимизнинг битта гапи билан изоҳлаш мумкин: “…Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади”.
Учинчидан, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилади.
Аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 минг уй-жой қурилади. Бу қорақалпоқ элига Президентимизнинг ташрифидан алоҳида тарихий эсдалик бўлиб қолиши шубҳасиз.
Ўттиз саккиз минг ва тўрт минг – қирқ икки минг. Демак, кадастри йўқ турар жой ва бошқа кўчмас мулкларга ҳужжат қилиниши ҳамда янги уйлар қурилиши шунча фуқаро ва уларнинг яқинлари ҳаётига хотиржамлик, янги орзу-умидлар бағишлайди.
Тўртинчидан, Қорақалпоғистон “ишсизликдан холи ҳудуд”га айланади. Шу мақсадда 193 минг иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берилди. Бу, демак, минглаб ёшларнинг мавҳум келажаги учун ёрқин йўл очилгани, жамиятда кўтаринки кайфият ҳукм суриб, ҳамжиҳатлик муҳити шаклланишидан хайрли муждадир.
Бешинчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари сероблиги ва арзонлиги таъминланади. Бу, аввало, яна қўшимча янги иш ўринлари яратилади, деганидир. Боиси, озиқ-овқат маҳсулотлари тўкинлигини таъминлаш мақсадида бу йил ҳам аҳолига 6 минг гектар ер майдони ажратилмоқда. Энди бу ерларда оддий одамлар меҳнат қилиб, ҳам бозорлардаги мўл-кўлчилик, арзончиликни таъминлайди, ҳам рўзғорини тебратади.
Олтинчидан, мактаб таълими, тиббий хизмат қамрови ва сифати яхшиланади, ижтимоий инфратузилмадаги муаммолар ечимини топади. Замонавий дунёда таълимсиз мақсадга эришиб бўлмайди, бунинг учун, аввало, соғлиқ керак.
Шу маънода, Президентимизнинг Қорақалпоғистондаги мактаблар муаммоларини ҳал қилиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадини халқимиз ҳамиша миннатдорлик билан олқишлаб келади.
Бу сафар ҳам шу каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Унга кўра, тез кунларда 9 туманда янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши, мактаб ва шифохоналар, йўллар таъмирланиши, электр энергияси тақчиллигига барҳам бериш чоралари кўрилади.
Еттинчидан, миллатлараро тотувлик ва оғизбирчилик янада мустаҳкамланади. Маданият ва санъат соҳаси ривожланади. Ҳаёт яхши маромда кетаётган, дастурхонда камчилик йўқ жойда тотувлик бўлади. Унинг акси бўлса меҳрсизлик, оқибатсизлик, тарқоқлик руҳи кузатилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам қаноатда гап кўп.
Қаноат тарбияси маънавий камолот билан уйғун етилади. Адабиёт, санъат, халқ достонларида тараннум этилган аҳиллик, ҳамжиҳатлик, шукроналик ва кенг феъллилик фалсафаси ана шу мақсадга хизмат қилади.
Шу маънода, Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ижодкорлар, маданият соҳаси вакиллари билан мулоқоти икки тилли бир халқимизнинг бирдамлиги, жипслигини янада жўштириб юборди.
Саккизинчидан, қорақалпоқ ёшлари ташаббуслари кенг қўллаб-қувватланади. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкин, қорақалпоқ ёшлари ҳамиша Президент эътибори ва ғамхўрлиги остида. Бу борада бизнинг фарзандларимизга ҳамма ҳавас қилса арзийди.
Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида ҳам анъанага кўра, Қорақалпоғистон ёшлари ҳаёти билан қизиқди. Уларга янги иш ўринлари яратиш, ғоялари, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида топшириқлар берди. Демак, қорақалпоқ ёшларини яна янги умидбахш лойиҳалар рўёби кутмоқда.
Ҳаётдан рози бўлиб яшашнинг мустаҳкам асоси
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифидан кутилаётган элимиз тараққиётининг саккиз муҳим асосини санадик. Улар шунчаки тасодифий эмас эди. Стратегик аҳамиятли ташаббус ва топшириқлар негизида халқимиз хоҳиш-иродаси ва янги миллий давлатчилигимиз тамойилларининг буюк қудрати турганини ҳис этиш қийин эмас.
Бу ўринда гап халқимиз хоҳиш-иродаси ва янги давлатчилик тамойиллари ҳақида борар экан, ўз-ўзидан конституциявий ислоҳотлар моҳияти билан юзма-юз келамиз.
Мақоламиз биринчи қисмида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши асоси — “ишсизликдан холи ҳудуд” ҳақида айтдик. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ана шу механизмнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини кўриш мумкин. Масалан, меҳнат ҳуқуқлари борасида нафақат ҳар кимнинг муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқи, балки хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда адолатли ҳақ олиш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши мустаҳкамланмоқда. Бу ниҳоятда адолатли ва халқчил мезондир. Чунки инсон иш билан таъминлансаю, бироқ хавфсиз, қулай меҳнат шароитига эга бўлмаса, оладиган иш ҳақи ўзи ва оиласининг яшаши, эҳтиёжлари учун етмаса, албатта, бу ҳолат унда нафақат ўз ҳаётидан, балки жамиятдан норозилик кайфиятини уйғотади.
Юқорида бу йил Қорақалпоғистонда 4 минг уй-жой қурилиши ҳақида айтиб ўтган эдик. Бу ҳам бежиз эмас, чунки унинг ҳуқуқий асоси янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, сайловчилар ҳам айнан уй-жой масаласида жуда кўп мурожаат қилади. Тўғри, мамлакатимизда кейинги йилларда ёш оилаларни, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни, хотин-қизларни уй билан таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, самарали натижаларга эришилмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун квартиралар олишга шароит яратиб берилгани бунинг мисолидир. Лекин мамлакатимизда аҳоли сони ўсиши баробарида оилалар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан уй-жойга бўлган эҳтиёжни оширади. Шу боис, бу йил юртимизда 90 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилаётган бўлса, яқин 2-3 йилда бу кўрсаткични 200 мингга етказиш мақсад қилинмоқда.
Шу жиҳатдан янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириб, уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши назарда тутилаётгани жуда қувонарлидир. Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши бугунги кун учун ниҳоятда долзарб масала.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради”, деб аниқ белгиланиши Қорақалпоғистон халқини рози қилиш учун кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг янада юқори даражага кўтарилишига ҳуқуқий асос яратади.
2022-2023 ўқув йилида қорақалпоғистонлик 500 йигит-қиз олий таълим муассасаларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилингани, пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун темир йўл ва авиабилетлар сотиб олишда 50 фоизлик имтиёз жорий этилгани, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари берилгани, мактабларда бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланаётгани каби кўпгина чора-тадбирлар одамларнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.
Шу жиҳатдан, янги таҳрирдаги Конституциямизда алоҳида бобнинг оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланиши ва унда давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши белгиланаётгани оилапарвар ва болажон халқимизнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Чунки ҳар бир фарзанд оилада камол топади. Унинг мурғак болалиги, орзуларга бой ўсмирлигию, ҳаётга илк қадам қўядиган ёшлиги ўзи туғилиб ўсган оиласи бағрида ўтади. Шундай экан, оила ва унинг аъзолари манфаатлари ажралмас ва яхлитдир.
Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топган ижтимоий масалаларга оид ҳуқуқий асосларнинг ўзи инсоннинг қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Шу боис, уни бутун халқимиз қўллаб-қувватлаяпти.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



