Нукус шаҳрининг транспорт воситаси бориши қийин, коммуникация тармоқлари тўлиқ тортилмаган энг чекка ҳудуди саналган “Алтин жағис” элати сўнгги йилларда ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида пойтахтимиздаги энг кўркам ва обод масканга айланиб бормоқда.
— 2021 йилда “Телеорай” маҳалла фуқаролар йиғинидан алоҳида ажралиб чиққан пайтларда бу ҳудудга йўналишли автотранспорт воситалари ҳаттоки, такси ҳайдовчилари ҳам йўлнинг носозлигидан базўр келарди, — дейди йиғин раиси Нигаргул Гобенова. — 2022 йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган ташрифидан сўнг, “Алтин жағис” элати “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилиб, ҳудудда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Айниқса, йўллар, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда газ тармоқлари янгидан тортилиб, таъмирланди.
Эътиборлиси, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрьдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳалламиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Жумладан, қарорга мувофиқ ҳудуддаги 34 та кўчага қум-шағал аралашмаси тўшалиб, 7 та кўча асфальтланди. Тўртта жойда болалар майдончаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан қуриб битказилди. Шунингдек, замонавий Болалар спорт мажмуаси фойдаланишга топширилиш арафасида.
— Умумий смета баҳоси 2 млрд. 933 млн. сўм бўлган спорт зал қурилишини 2022 йилнинг 20 декабрь санасида бошлаган эдик, — дейди “Нукус-Турон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти прораби Нурсултан Дошетов. — Ҳозирги кунга қадар бино тўлиқ қад ростлаб, айни дамда ички пардоз ишлари амалга оширилмоқда. Мақсадимиз, май-июнь ойларига қадар қурилиш ишларини тўлиқ якунлаб, ҳудуд болаларига фойдаланишга топширишдир.
Шунингдек, ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёлғиз яшовчи, кўп болали, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
— Ўтган йили ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 дан ортиқ фуқарога 1 млрд. 400 млн. сўмлик кредитлар олиш бўйича банкларга тегишли таклифлар берилди, — дейди ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Айбек Джолдасов. — Фуқароларимизнинг кўпчилиги эшик ва дераза ишлаб чиқарадиган замонавий ускуналар, тикув машиналари, мотоцикллар, пайвандлаш қурилмалари, кондитер маҳсулотларини тайёрловчи печлар ҳарид қилиб, ушбу воситалардан фойдаланган ҳолда ўз бандлигини таъминламоқда.
— Акфа эшик ва дераза-ромлар тайёрловчи ускуна ҳарид қилиш учун кредит сўраб ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилган эдим, — дейди мазкур ҳудудда яшовчи Аллаяр Қутлимуратов. — Мурожаатим ижобий ҳал этилиб, ҳозирда укам Дониёр билан биргаликда халқимизга сифатли маҳсулотлар етказиб бермоқдамиз. Келгусида ишларимизни янада кенгайтириб, оилавий корхонамизни очиш ниятидаман.
— Ўтган йилда 75 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, шундан 4 нафарининг уйи таъмирлаб берилди, — дейди ҳудуддаги хотин-қизлар фаоли Сапаргул Жуманазарова. — 10 хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари, кондитер маҳсулотларини пиширувчи электропечлар олиб берилиб, 56 нафарига 1 млн. 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, фарзандининг эшитиши оғир бўлган битта оилага замонавий эшитиш воситаси олиб берилган бўлса, Қумар Бийсенова қизимиз “Меҳр дафтари” орқали Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирди. 22 нафар хотин-қизимиз Мономарказда қайта ўқитилиб, касбга тайёрланди. Яқинда “Темир дафтар”га киритилган иккита оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Келгусида ҳам бу каби эзгу ишларни давом эттирамиз.
Йиғин ҳудудидаги хонадонлар янги оилалар бўлганлиги боис, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этмоқда. Келажагимиз саналган ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.
— Ўтган йили “Ёшлар дафтари”га киритилган 105 ёшга ёрдам кўрсатилди, — дейди ҳудуд етакчиси Саламат Зарлиқбаев. — Жумладан, 10 йигитнинг муддатли ҳарбий хизмати, 25 ёшнинг таълим муассасаларидаги шартнома тўловлари тўлаб берилди. 26 ёшга 1 млн. 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиб, 14 нафарига субсидия асосида тикув машиналари, пайвандлаш, кесиш, сартарошлик касби учун керак бўладиган асбоб-ускуналар олиб берилди. 4 нафари ҳайдовчиликка ўқитилиб, 14 ўқувчига мактаб формалари берилди.
Дарҳақиқат, “Алтин жағис” да амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар кимнинг бўлса ҳам ҳавасини келтириши тайин. Мана шундай ўзгариш ва янгиланишлардан кўнгли тоғ қадар юксалаётган ҳудуд аҳолиси айни дамда юртимизда олиб борилаётган “Яшил маскан” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этиб, ўз уйлари, ҳовлиси, ҳудуднинг янада обод ва кўкламзорлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Д.Абибуллаев.
М.Ҳабибуллаев олган сурат.



