Барча касбларнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Аммо, кундалик вазифаларининг ҳар бири аҳоли саломатлигини сақлаш, таъбир жоиз бўлса инсон ҳаётига бевосита дахлдор шундай касб эгалари борки, улар шубҳасиз шифокорлардир. Дарҳақиқат, шифокорлар – ўз номи билан хасталарга шифо улашувчи, беморлар дардини даволашни кундалик вазифага айлантирган шарафли касб эгаларидир.
Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида эътибори натижасида давлат тиббиёт муассасалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори самарали меҳнатга интилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шифокорларнинг ўз касбий даражасини ошириб боришдан манфаатдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун» мавзусида ўтган йилнинг 18 март куни ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган тадбирлар шифокорларнинг ўз касбига бўлган меҳрини ошириш билан бирга, олис ҳудудлардаги аҳолининг саломатлигини сақлашга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланди.
— Бундан хабар топгач, мен ҳам оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ҳужжатлари асосида Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмасига ишга келдим, — дейди Мўйноқ туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Дилшод Мусаев. — Болалигимдан ушбу касбга меҳр қўйдим. Хоразм вилояти Янгиариқ туманининг мен туғилиб ўсган “Қармиш” қишлоғида кимдир бетоб бўлиб қолса, ҳамиша ҳам шифокор топилавермаган. Оппоқ либосли шифокорларни кўрганимда уларга ҳавас қилиб, шифокор бўлишни орзу қилгандим. 2004-2011 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олдим.
Ўша йили Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмасида шифокор бўлиб ишлашни бошладим ва 2013-2015 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида жарроҳлик амалиётлари бўйича клиник -ординатурада ўқиб, билимларимни оширдим. Шундан сўнг қарийиб 8 йилча шифокор бўлиб фаолият юритдим.
Тўғриси, Мўйноққа келишдан олдин бироз ҳадик бор эди. Чунки, нимагадир илгарилари Мўйноқ деганда хаёлимизда қумлик, соҳрода қийин шароитда яшаётган одамлар гавдаланган. Лекин Мўйноқ шаҳрига келиб, биз адашганимизни англаб етдик. Шаҳар бутунлай янгиланган, барча дам олиш, маданият, спорт ва бошқа муассасалар энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган ва аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шу жумладан мен ишлаётган туман тиббиёт бирлашмаси ҳам аҳолининг саломатлигини сақлаш, ташхис қўйиш ва даволаш учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Айниқса, Мўйноқнинг соддадил, беғубор ва танти халқи билан ишлаш, улар билан ҳамшаҳар бўлиб яшаш ишимга бўлган, шу эл халқининг саломатлигини сақлашга бўлган муҳаббатимни янада оширмоқда, десам муболаға бўлмайди. Бир неча вилоятларда ишлаганман, борган пайтларимизда барибир ҳудуд аҳли ва касбдошларимиз орасида бегонасираш, ноқулайлик сезиларди. Лекин, Мўйноққа келганимизга ҳали кўп вақт бўлмаса-да, қорақалпоқ халқи билан оға-инилардек, жуда аҳиллашиб кетдик. Турмуш ўртоғим, фарзандларимга ҳам Мўйноқ жуда ёқди. Ўзим ҳам Мўйноқдаги фаолиятимдан мамнунман.
Айни вақтда Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Алий Токсанбаев раҳбарлигидаги аҳил жамоа билан биргаликда Дилшод Мусаев ҳам Мўйноқ тумани аҳолиси ҳамда меҳмонларининг саломатлигини сақлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу тиббиёт бирлашмасида кўп йиллардан буён ишлаб келаётган жарроҳ Юлдашбай Досимов, терапевт Оралбай Ерназаров, офтальмолог Жамила Давлетова, дерматовенеролог Аймурат Матмуратов, юқумли касалликлар бўлими инфекционист шифокори Алмагул Сапарова, фтизиатр шифокор Периде Отениязова, стоматолог шофокор Сапаргул Балтабаевалар ёш тиббиёт ходимлари Асилбек Досимов, Мирзабек Ильясов, Жахангер Серекеев, Кунназар Нажимовларга устозлик қилишмоқда. Шунингдек, ушбу шифокорлар ўзларининг билими ва тўғри ташхиси билан беморларни даволаётган бўлса, муолажаларни бажаришда ҳамшираларнинг хизмати катта бўлаётир. Гулмира Нажиматдинова, Гулбадан Сейтназарова, Бахыт Каюпова, Гулпаршын Аманжолова, Бибисара Алимбетова, Айгул Сержанова ва Розилхан Айтниязова каби ҳамширалардан шифоханада даволаниб чиққан аҳоли миннатдор бўлишмоқда.
Бугун халқимиз орасида, Мўйноқдаги имкониятлар кўп эътироф этилмоқда. Шифокорларга яратилган шароитлар шулардан бири холос. Бугунги кунда Дилшод Мусаев каби Мўйноқда ва Оролбўйининг олис ҳудудларида аҳолининг саломатлигини сақлаш йўлида хизмат қилаётган шифокорлар сони ортмоқда. Улар аввало, мана шу эзгу ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга ва Қорақалпоғистон Республикаси раҳбариятига, Соғлиқни сақлиш тизими масъулларига шифокорларга яратиб бераётган қулай шароитлари ва имкониятлари учун миннатдорлик билдиришмоқда. Негаки, Мўйноққа шифокорларнинг жалб қилиниши, ҳудуд аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Пировардида халқни розилиги, эртанги кунга ишончи ортмоқда.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



