Жаҳон ҳамжамиятидаги миллатларнинг бир-бирига аҳиллик ришталарини боғловчи ғоя бу миллатлараро тотувлик ғоясидир. Ушбу ғоя замирида инсон қадрини улуғлаш ҳам ётади. Зеро, тинч-тотув, барча билан тенг, адолатли жамиятда яшаш инсоннинг энг олий ҳуқуқидир.
Бугун Ўзбекистонда инсонни қадрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда ҳар йили Халқлар дўстлиги куни катта байрам қилинаётгани ҳам бунинг яна бир тасдиғи.
Ҳозирда туманимизда 230 минг нафарга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Биз бир оиладек аҳил-иноқ яшаб келмоқдамиз. Дўстлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, бирдамлигимиз тарих синовидан ўтган, тобланган. Ўтмишга назар ташласак, ўтган асрнинг 30-йилларида очарчилик туфайли ўнлаб миллат вакиллари бир бурда нон топиш илинжида Ўзбекистонга келган ва ўзбек халқи уларни меҳр билан қабул қилган. Шунинг учун “Тошкент — нон шаҳри” деб бежиз айтишмайди. Иккинчи жаҳон урушида ўзбек халқи яна минг-минглаб оилаларни, етим болаларни ўз бағрига олди, ҳеч ким кўчада қолгани йўқ. Бу тарихий ҳақиқат, бугунги авлодлар учун ҳам ибрат тимсолидир. Албатта, Халқлар дўстлиги куни юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ҳамда урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш йўлида давлат сиёсати самарали амалга оширилаётганини яна бир бор намоён этади. Ушбу байрам бағрикенг халқимизга муборак бўлсин!
Жонибек СЕТТИЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл тумани бўлинмаси раҳбари.



