ҚОНЛИКЎЛДА БАЙРАМ АРАФАСИДА  ЯНГИ ТУРАР-ЖОЙЛАР ТОПШИРИЛДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хал­қимизни замонавий намунадаги қулай шароитларга эга турар-жойлар билан таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Бундан бир йил олдин, “Янги Ўзбекистон” дастури доирасида янги турар-жойлар массивини ташкил этиш учун Қонликўл туманининг Наврўз овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 14,3 гектар ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган эди.

Қўли гул қурувчиларнинг  фидокорона меҳнатлари эвазига бугунги кунда мазкур ҳудудда барча шароитларга эга замонавий шаҳарча бўй тиклади, десак муболаға бўлмайди.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида нишонланаётган давлат мустақиллигининг 32 йиллик шодиёнаси олдидан ушбу массивда олиб борилаётган икки қаватли турар-жойнинг қурилиш ишлари ниҳоясига етиб, фойдаланишга топширилди.

Янги турар-жойларни ўз эгаларига топшириш тадбирида туман ҳокими Б.Султанов қатнашди ва йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги билан табриклади.

Тадбирда иморат олдига тортилган анъанавий тасма кесилиб, янги хонадонлар калитлари ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, янги хонадон соҳибларига ҳокимлик сов­ғалари тақдим этилди.

А.Оразов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.