Нукус шаҳридаги марказий майдонда 4 сентябрь – Бутунжаҳон таэквондо куни муносабати билан таэквондо фестивали ташкил этилди. Унда Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманларидан ташриф буюрган 500 га яқин ёш ва иқтидорли спортчилар ҳамда мураббийлар иштирок этди.
Фестивалнинг очилиш маросимида сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, шу ўринда таэквондо (WT) спортини ёшлар орасида кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган таэквондо (WT) спорт тўгаракларида 50 га яқин малакали мураббий қўл остида бугун жами 1500 нафарга яқин ўғил-қизлар маҳорат оширмоқда. Ўтган 2022/2023 ўқув йилида ёш таэквондочилар Қорақалпоғистон Республикаси биринчилиги, Ўзбекистон чемпионати ва халқаро мусобақаларда жами 120 дан ортиқ олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Фестиваль тажрибали мураббий ва спортчилар иштирокидаги машғулотлар ва таэквандо жанг санъатига боғлиқ кўргазмали чиқишлар билан давом этди.
