Қорақалпоғистон Республикаси оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Оқила аёллар” ҳаракатининг бутун Республикамиз халқига тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимларни тартибли ўтказиш бўйича мурожаати
Ҳурматли юртдошлар!
Мамлакатимизда халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда эзгу қадриятларимизни ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар эл юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан биридир.
Барчамизга маълумки, 2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ва “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Низом қабул қилинган эди.
Аммо кейинги вақтларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, ёшлар тарбиясига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур ҳолатларга чек қўйиш,оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан биз юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчилик, ҳурматли зиёлиларимиз, азиз фарзандларимиз, мутасадди раҳбарларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй-маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик.
Муҳтарам онахон-отахонлар!
Ҳурматли нуронийлар, меҳнат фахрийлари!
Сиз турмушнинг оғир ва машаққатли довонларини босиб ўтиб бугунги ҳурмат-иззатга эришгансиз. Шундай экан, одамларнинг бир-биридан ким ўзарга тўй ўтказиши, ортиқча ҳашамдорлик, тўйлардаги исрофгарчиликлар, кейинчалик ўйлаб топилган турли бачкана удумлар қадриятларимизга ёт иллат эканлигини бугунги ёшларга, ота-оналарга тушунтирайлик.
Қуръони каримда “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй учун бутун умр йиққан–терган маблағини совуриш, бандасига аталган ноз- неъматни исроф этиш катта гуноҳ эканлигини тарғиб қилайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига қийналган инсонларга, муҳтож оилаларга ёрдам бериш лозимлиги, савоб ва хайр-саховатнинг мазмун- моҳиятини халқимизга тушунтирайлик.
Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон-онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича мавжуд меъёр ва мезонларга амал қилайлик!
Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!
Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимизда, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келмоқдасиз. Жумладан, тўйлар,оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг анъанавий ва миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилиши ҳам бевосита сизларнинг саъй-ҳаракатларингизга боғлиқ.
Зеро, айни пайтда тўйлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлардаги ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисоди ва ёш оиланинг мустаҳкамланишига салбий таъсир кўрсатишининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Айниқса, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа ўринсиз орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини аёлларимиз кўпроқ тушуниши лозим.
Бу масалада кўп нарса сиз-аёлларга боғлиқ эканлигини унутманг!
Ҳурматли маҳалла фаоллари!
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор меъёрлари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, шуҳратпарастлик ва дабдабабозликнинг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли тадбирларни амалга оширишингиз бугунги куннинг талабидир.
Фуқаролар йиғинларида тўй ва маросимларни тартибли ўтказишга маҳалланинг обрўли инсонлари — ёши улуғ отахон ва онахонларни, кўча бийлари ва кўча бошиларни кенг жалб қилиш лозим.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш ва тегишли тавсиялар бериш, тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур.
Бундай тадбирларни ўтказишда ҳаддан ошган кимсаларни – уларнинг жамиятдаги мавқеидан қатъий назар маҳалла аҳли ўртасида, обрў эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб, маслаҳат бериб тўғри йўлга солайлик.
Ҳурматли ёшлар — жондан азиз фарзандларимиз!
Сизларнинг ёрқин истиқболингиз ва келажагингиз учун давлатимиз, Президентимиз томонидан катта имкониятлар ва имтиёзлар берилиб, барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Албатта ҳар бир ота-онанинг энг катта орзу нияти жондан азиз фарзандининг бахту иқболини кўришдир. Лекин, бунга фақат дабдабали тўй қилиш, моддий бойлик тўплаш билан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Тўй — сизнинг бахт ва саодатингиз нишонаси. Катта ҳаётга қўядиган илк қадамингиз шодиёнасидир. Шундай кунни маъноли ва мазмунли, инсон умрида бир марта бўладиган ва бутун умр эсда қоладиган айём сифатида ўтказиш ўз қўлингиздадир. Шундай экан, ёшлар ўртасида урф бўлаётган «оммавий маданият», «севги тарихи», қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқа урфга кираётган “удум”ларнинг салбий оқибатларини англаган ҳолда уларга барҳам бериш лозим.
Аввало ўзингизнинг, қолаверса миллатимизнинг шаънини, ота-онангиз саломатлигини, бўлғуси оилангиз бахтини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишда ташаббускор бўлинг!
Азиз ватандошлар!
Тўй ва маросимларимиз азалий қадриятларимизни ва анъаналаримизни намоён этадиган кўзгудир. Шундай экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишдан ҳеч ким ўзини четга олиши, бефарқлик ва лоқайдлик билан муносабатда бўлиши мумкин эмас. Зеро, биз одоб-ахлоқ мезонларига, миллий урф-одат ва қадриятларимизга тўғри келмайдиган иллатларни енгишга қодирмиз.
Биз бутун халқимизни, кенг жамоатчиликни, шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, тўй ва маросимларни тартибли, камхарж ўтказишда фаол иштирок этишга чақирамиз!



