Нукус шаҳридаги “Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аёллар сони 2 225 нафарни ташкил қилувчи ҳудудда 1 650 хонадон бўлиб, 4 285 аҳоли истиқомат қилади.
— Маҳалламизнинг асосий драйвери хизмат кўрсатиш соҳаси саналиб, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида 9 ой давомида ишсиз қатламни иш билан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабр кунги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юз нафардан зиёд фуқарога йиллик 14 фоиз 6 ойлик даврга 3 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиб берилди. Мазкур кредитлар ҳисобидан гўзаллик салони, сартарошхона, ўқув курслари ташкил этилиб, иш ўринлари яратилди. Жумладан, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларга иш қуролларини сотиб олиш учун 7 миллион, хотин-қизларга 10 миллионгача субсидиялар ажратилди. Шулардан, 27 кичик туман 11-хонадон соҳиби Гавҳар Турдимуратова ўз-ўзини банд қилиш борасида тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилмоқчилигини билдириб йўллаган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унга компьютер жамланмаси берилган бўлса, Гулназ Алламуратова ҳамда Гулмира Ўразбаевалар ширинликлар ҳамда ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаш мақсадида музлатгичлар билан таъминланди. Ҳозирги кунда ушбу хотин-қизларимиз ўз ишини бошлаб юборган.
Бундан ташқари, Яшил макон акцияси доирасида ҳокимият томонидан дарахт кўчатлари ажратилди ҳамда кўп квартирали турар-жойлар атрофидаги бўш ерларга мазкур кўчатлар ўтқазилиб парваришлашга киришилди, — дейди Тадбиркорликни ривожлантириш, халқнинг бандлигини таъминлаш,камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Темур Сакбергенов. Темурбек таъкидлаганидек, бугун маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Кўп квартирали хонадон соҳиблари томорқаларидан ҳосил олишни бошладилар ва бу оила бюджетини яхшиланишига таъсир қилмай қолмайди, албатта.
Ҳунармандлик ортидан рўзғорини бутлаётган Элмира Канназарова шаҳардаги “Алтын жағыс” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади.
— Уйда бўш ўтирардим. Шу боис “бирор ҳунарнинг бошини тутсам ҳарна жамиятда ўз ўрнимни топаман”, деган фикр хаёлимни тарк этмасди. Боз устига моддий аҳволимиз ҳам ҳаминқадар… “Аёллар дафтари” жонимга оро кириб, ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлдим ва тез фурсатда тикувчиликни ўрганиб олдим. Кейин эса менга 33 миллион сўм имтиёзли кредит беришди. Ҳозирда маҳалламиздаги 5 нафар қизни иш билан таъминлаб, оиламизга наф келтиряпмиз. Демоқчиманки, кимгадир нафинг тегса, ўзингни бахтиёр сезаркансан. Бир пайтлардаги иш тополмай қийналиб юрганларим энди унут бўлди. Галдаги режаларим фаолиятимни янада кенгайтириш, — дейди Элмира хурсандчилигини яширмай.
Халқимизда “Отанг маҳалла, онанг маҳалла” деган ибора бежиз айтилмаган. Маҳаллада янгидан Мономарказ қуриб битказилгани аҳоли учун жуда кенг имкониятларни яратди, десак муболаға бўлмайди. Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида маҳалламизга келгани маҳалладошларимиз ҳаётида унутилмас воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йил 25 март куни фойдаланишга топширилган марказда бугун ҳаёт қайнаяпти.
Ҳаётдан розилик аслида юртимиз тинчлиги ва инсонлар қалбида эртанги кунга катта ишонч билан уйғонаётганида деб биламан. Биласизми, ютимизда юз бераётган бунёдкорлик ва ўзгаришларни гувоҳи бўлаётган халқимиз нафақат бугунидан эртасидан ҳам миннатдор, назаримда. Албатта, миннатдорлик ва ишонч замирида одилона сиёсат ва инсон манфаатлари ётибди десак муболаға бўлмайди. Хотин-қизлар фаоли сифатида биргина “Аёллар дафтари”ни олиб қарайдиган бўлсам, маҳалламизнинг ўзида 171 нафар хотин-қиз ушбу рўйхатга киритилган бўлиб, 89 нафари ишсизларни ташкил қиларди, шундан қарийб ярмидан кўпи ўз бандлигини таъминлади, 44 нафари қизиқишига қараб касб-ҳунарга ўқитилди. Жумладан Дилбар Гулимбетова субсидия асосида миллий безак ва кўйлаклар тикув цехини очиб,ўзи билан яна 6 нафар аёлни иш билан таъминлашга эришди.Ҳозирда устоз-шогирд анъанаси асосида ўқув курсини ташкил қилган. Ҳали “Темир дафтар” ёки бошқа қўллаб-қувватловларни гапирмасак ҳам бўлади. Маҳаллабай ишлаш тизмининг кенг жорий қилиниши юзасидан маҳаллаларга кўплаб ваколатлар берилгани ўз самарасини берибгина қолмай, янги иш ўринлари яратилишига, фуқаролар доимий даромад манбалари билан таъминланишига эришиляпти, — дейди “Алтын жағыс” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Сапаргул Жуманазарова.
Маҳалла азалдан қадриятлар бешиги саналиб келинган.Фуқаролик жамиятининг таянч устуни,халқчил тузилма бўлмиш маҳалла давлатимизнинг энг катта ҳал қилувчи кучи десак муболаға бўлмайди.
Фотима АБДУРАИМОВА.



