Иқтисодий қудрат, миллий мерос: Қорақалпоғистоннинг Янги фалсафаси


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШнинг Вашингтон шаҳрига амалий ташрифидан сўнг, Тошкентга қайтиши билан биринчи навбатда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказгани биз, қорақалпоғистонликлар учун юксак фахр ва улкан масъулиятдир. Бу – давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасига бўлган алоҳида эътибори ҳамда ҳудуднинг стратегик аҳамиятини жаҳон миқёсида кўра олишининг яққол ифодасидир. Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон – нафақат улкан майдон, балки беқиёс қазилма бойликлар хазинасидир. Йиғилишда келтирилган рақамлар минтақамизнинг саноат салоҳиятини тубдан ўзгартириш учун мустаҳкам пойдевор бўла олади. 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак ва бошқа кўплаб хомашё захираларининг аниқлангани – бу янги саноат инқилоби демакдир. “Миллий тикланиш” партияси вакиллари сифатида биз учун муҳими – ушбу бойликларнинг халқимиз манфаатига хизмат қилишидир.

Сўнгги 8 йил ичида ҳудуд иқтисодиётининг аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўриндан 7-ўринга кўтарилгани, экспортнинг 3,5 карра ошиб, 2,1 миллиард долларга етгани ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Эндиги вазифа – келгуси 5 йилда иқтисодиётни 102,5 триллион сўмга етказиш ва 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдир. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонни инновациялар марказига айлантириш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурди. Тахиатошда модулли интеллектуал ҳисоблаш маркази, Нукусда автомобиль саноати кластери, Қораўзакда кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси каби лойиҳалар минтақамизнинг технологик қиёфасини белгилаб беради.

Айниқса, сунъий интеллект соҳасига 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши, IT университети ва стартап технопаркларининг ташкил этилиши ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. “Миллий тикланиш” партияси учун илм-фан ва инновация – миллий юксалишнинг бош омилидир. Шу боис, Илм-фан ва инновациялар жамғармасидан ажратиладиган 30 миллиард сўмлик маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик назоратини кучайтирамиз. Йиғилишда белгиланган энг муҳим ижтимоий вазифа – жорий йил якунига қадар ишсизликни 4,2 фоизга, камбағалликни эса 3,2 фоизга туширишдир. Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманларини камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларида камбағалликни 2 баробар қисқартириш бўйича берилган топшириқлар “инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодасидир. Биз, депутатлар, ҳар бир маҳаллага кириб, аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли иш ташкил этамиз.

Президентимиз томонидан тадбиркорлик учун берилган имтиёзлар муддатининг узайтирилиши эса минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Қорақалпоғистоннинг 16 миллион гектар ишлатилмаётган ер ресурсларидан фойдаланиш бўйича янгича ёндашув белгиланди. Сувсизлик ва шўрга чидамли доривор гиёҳлар етиштириш, сунъий интеллект асосида экинларни мониторинг қилиш – бу нафақат иқтисодий фойда, балки экологик барқарорлик демакдир. Чорвачилик ва яйловларни ривожлантириш бўйича Вазирлар Кенгаши раисининг алоҳида ўринбосари лавозими жорий этилиши соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал этишга имкон беради. Қорақалпоғистоннинг ноёб табиати ва тарихи – улкан туристик потенциалдир. “Борса келмас” туз кони, Устюртнинг “Марс” манзаралари, Орол денгизи тарихи музейининг модернизация қилиниши ҳудудга 500 минг хорижий сайёҳни жалб қилиш имконини беради. Бу – миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни жаҳонга танитишнинг энг самарали йўлидир. 2027 йилгача Қўнғиротда “қуруқ порт” мақомига эга Орол логистика марказининг ташкил этилиши Қорақалпоғистонни халқаро транспорт коридорининг муҳим бўғинига айлантиради. Шу билан бирга, ичимлик суви ва йўл қурилишига йўналтириладиган триллионлаб маблағлар халқимизнинг турмуш сифатини тубдан яхшилайди. Ҳурматли Президентимизнинг биргина Қорақалпоғистон учун 2017 йилдан буён 78 фармон ва қарорлари қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда 38 та ҳужжатнинг ижроси давом этмоқда. Қабул қилинган тарихий ҳужжатлар асосида, халқимизга, шу жумладан ёшларимизга бир қатор қулай шароитлар яратилгани, тадбиркорларимизга илгари бўлмаган кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилгани, халқнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлгани, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топилгани давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган алоҳида эътибори ва меҳри ифодасидир.

Албатта, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар Қорақалпоғистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқади. Биз, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, ушбу ислоҳотларнинг ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонда ўз ифодасини топиши учун масъулмиз. Зеро, мақсадимиз битта: Қорақалпоғистонни фаровон, иқтисодий қудратли ва инновацион ҳудудга айлантириш! Бу йўлда барча имконият ва ресурсларимизни сафарбар этамиз.

Тажибай Романов,

“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси,

Жўқорғи Кенгес депутати.