Мамлакатимиз ҳаётида Мустақиллик байрами алоҳида ўрин тутади. Бу сана нафақат тарихий воқеа, балки халқимизнинг асрлар давомидаги орзу-интилишлари рўёби, эркин ва фаровон ҳаёт сари қўйилган мустаҳкам қадамлар рамзидир. Айниқса, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётда қўлга киритилаётган ютуқлар, таълим ва ижтимоий соҳалардаги янгиланишлар ушбу байрам мазмунини янада бойитмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ушбу улуғ санага юқори даражада тайёргарлик кўриш ва уни кенг миқёсда нишонлашга ҳуқуқий ва ташкилий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорда мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини халқ орасида самарали тушунтириш, шунингдек, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида маънавий-маърифий тадбирларни юксак савияда ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларни қамраб олган туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни диверсификация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ютуқлар фақат рақамлар ва ҳисоботларда эмас, балки ҳар бир оила ҳаётида, дастурхонидаги барака ва турмуш даражасида ўз ифодасини топмоқда.
Таълим соҳасига қаратилаётган эътибор эса мамлакат келажагини белгилайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Замонавий мактаблар ва олий таълим муассасалари, халқаро стандартларга мос ўқув дастурлари ҳамда янги авлод педагоглари тайёрланаётгани — эртанги кун эгаларининг билимли, рақобатбардош ва кенг дунёқарашга эга бўлиб вояга етишини таъминламоқда. Бу эса, ўз навбатида, Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Ижтимоий ҳимоя тизимининг янгиланиши ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш каби чоралар инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Зеро, инсон манфаатлари устувор бўлган жамиятгина барқарор ва тараққий этган жамият бўла олади.
Жорий йилги байрамнинг «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» ғояси ҳам юртимиздаги ислоҳотлар мазмуни билан узвий боғлиқдир. Бу шиор ҳар бир фуқарони бирлашишга, Ватан равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга чорлайди. Чунки келажак фақат давлат сиёсатигина эмас, балки ҳар бир инсоннинг билим ва меҳнати, фидойилиги орқали барпо этилади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга ошириладиган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, «Мустақиллик байрами» фестивали, «Мустақиллигим – фахрим» лойиҳалари, ижтимоий тармоқлардаги тарғибот акциялари, флешмоблар, подкастлар ва викториналар халқимиз, айниқса ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, қарорда келтирилган «Ватан фидойилари» монументининг барпо этилиши ва «Мустақиллик йилномаси» китоб-альбомининг яратилиши тарихга бўлган ҳурмат ва келажак авлод олдидаги масъулиятнинг ёрқин ифодасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Мустақиллик — бу шунчаки сана эмас, балки улкан имкониятлар, масъулият ва шарафдир. Ўттиз беш йил давомида халқимиз оғир синовлардан ўтиб, мустақил давлатчиликни мустаҳкамлади, миллий қадриятларини тиклади ва замонавий тараққиёт йўлидан изчил бормоқда. Бугунги кунда эришилаётган ютуқлар эртанги янада ёруғ келажак учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Юртимиздаги энг катта бойлик — тинчлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликдир. Ана шу беқиёс неъматларни асраб-авайлаш, янада мустаҳкамлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Келажакни биргаликда, ҳамжиҳатлик ва фидокорона меҳнат билан барпо этсак, Мустақиллигимиз самаралари янада ёрқин намоён бўлади.
Нариман ШИННАЗАРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими бош мутахассиси.



