Юртимизда ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларни спортга кенг жалб этиш борасидаги ишлар натижасида эришаётган ютуқлар кўп. Шулардан бири — Қорақалпоқ давлат университети Жисмоний маданият факультети талабаси Севара Шаженова.
У дастлаб гимнастика ва таэквондо билан шуғулланган. Ҳозирда эса белбоғли кураш бўйича 13 карра Ўзбекистон чемпиони, 4 карра жаҳон чемпиони ҳамда халқаро тоифадаги спорт устаси ҳисобланади.
— Спортга қизиқишим отамдан ўтган. У киши самбо билан шуғулланган. Натижаларимга эришишимда мураббийларим Шарап Сариев ва Қайнарбек Сариевларнинг ҳиссаси катта. Спорт мен учун куч, характер ва натижадир, — дейди у.
Севара эришган ютуқларига қарамай, фаолиятини давом эттириш ниятида. Унинг фикрича, меҳнат ва сабр орқали ҳар қандай мақсадга эришиш мумкин.
Сарбиназ ТОРЕБАЕВА,
Қорақалпоқ давлат университетининг Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг 1-курс талабаси.



