«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН»  МАССИВИ — ЮКСАЛИШ ВА ФАРОВОНЛИК МАНЗИЛИ


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан

Ҳар бир юртнинг қадри унинг чекка қишлоқ ва овулларида яралган ободлик билан ўлчанади. Бугун Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманига ташриф буюрган киши бу ҳақиқатга яна бир бор гувоҳ бўлади. Бу ердаги ўзгаришлар шунчаки янги бинолару равон йўллар эмас — бу одамларнинг қалбидаги қувонч, турмуш тарзидаги туб бурилиш ва эртанги кунга бўлган чексиз ишончдир. Магистрал йўл ёқасида қад ростлаган «Янги Ўзбекистон» массиви эса бугун бутун ҳудуднинг янгиланган юзига айланди.

 

Янги уйлар ва бахтли оилалар манзили

Бир вақтлар «қаровсиз» дея таъриф бериб келинган ҳудудларда бугун кўзни яшнатадиган замонавий шаҳарча қад кўтарди. Хусусан, «Наврўз» маҳалласида бунёд этилган 11 та беш қаватли, 330 хонадонли файзли  уйлар юзлаб оилаларнинг бошпанали бўлиш орзусини рўёбга чиқарди. Давлатимиз томонидан қулай шартлар асосида 20 йил муддатга берилган имтиёзли кредитлар кўплаб хонадонларга шодлик олиб кирди.

— Қўнғиротдан оиламиз билан кўркам массивга кўчиб ўтдик. Иш жойим Қонликўл туманида. 3 хонали уйни имтиёзли кредит асосида 20 йилга расмийлаштирдик. Иссиқ ва совуқ суви мужассам, барча шароитлар муҳайё. Қўшниларимиз асосан ёшлар. Магистрал йўл бўйида жойлашгани учун Нукус ёки Қўнғиротга қатнаш жуда қулай. Бизга шундай бахтли ҳаётни туҳфа қилган юртбошимиздан чексиз миннатдормиз, — дейди Фурхат Рахимбердиев.

 

Билим ва тараққиёт уйғунлиги

Тараққиётнинг энг муҳим пойдевори бу — таълим. Массивда аҳолининг барча ижтимоий эҳтиёжлари юксак даражада ҳисобга олинган.

Замонавий типдаги 7,7 миллиард сўмлик маблағ эвазига 180 ўринли 17-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам жажжи болажонлар ихтиёрида.

Давлат бюджети ҳисобидан қад ростлаган 12 миллиард 830 миллион сўмлик 3 қаватли, 330 ўринли 25-сонли мактаб энг сўнгги русумдаги лаборатория ва жиҳозлар билан таъминланди.

Мазкур мактабда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳиндистондан ташриф буюрган Саини Аканша хоним ва унинг турмуш ўртоғи Амир Али шунингдек, халқаро гуманитар лойиҳа асосида Россиядан келган рус тили ўқитувчиси Саглара Дармаева ўқувчиларга сабоқ бермоқда. Хорижлик мутахассисларнинг айнан шу массивда яшаб фаолият юритаётгани ҳудуднинг халқаро майдонга чиқаётганидан далолат беради.

 

Саноат шиддати ва фаровонлик

«Янги Ўзбекистон» массивининг яна бир стратегик қулайлиги унинг ёнида мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бири — «Kaнтекс инвест» МЧЖ фаолият юритаётганидир.

Йилига 9 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада бугун 600 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга.

Германия, Туркия ва Ҳиндистоннинг илғор ускуналари билан жиҳозланган корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорни, балки бир қатор давлатларни ҳам забт этмоқда.

— Корхонамизда асосан ёшлар меҳнат қиламиз. Бу ерда ишчилар озиқ-овқат ва кийим-кечак билан тўлиқ таъминланган. Жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, биз фақат ускуналарни назорат қиламиз. Кўп миллатли аҳил жамоада ишлаётганимиздан фахрланамиз, — дейди корхона ишчиси Тимур Халмуратов.

 

Ерга меҳр берган ёш изланувчи

Бугунги кунда ерни эъзозлаб, ундан мўмай даромад топаётган шижоатли ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. «Арзимбетқум» овулида фаолият юритаётган деҳқон ва балиқчи Муратбай Аралбаев ана шундай азму шижоатли ёшлардан.

Ҳозирги кунда у раҳбарлик қилаёт­ган «Ер олтин хазина» кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳамда «Аралбаев Муратбай» балиқчиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти нафақат туманда, балки республикада ўзига хос илғор тажриба мактабига айланиб улгурди. Айни пайтда мазкур хўжаликларда ғаллачилик, сабзавот етиштириш ва балиқчилик тармоқлари бир-бирини узвий тўлдирган ҳолда изчил ривож­лантирилмоқда.

Таҳлил қилиб қарасак, 2019 йилда ташкил этилган «Ер олтин хазина» фермер хўжалиги дастлаб асосан анъанавий ғаллачилик ва полиз экинларини етиштириш билан чекланган эди. Бироқ бугунги кунга келиб унинг фаолият доираси тубдан кенгайди. Хўжалик юқори даромад келтирадиган замонавий мевачиликни ривожлантириш орқали янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Хусусан, Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳри ва қўшни вилоятлардан келтирилган смородина, малина, ежевика, годжи ҳамда қулупнайнинг серҳосил навларини маҳаллий кескин иқлим шароитига мослаштириб етиштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар чинакам янгилик бўлди. Истиқболни узоқдан кўзлаган ёш раҳбар меваларнинг биологик хусусиятларини чуқур ўрганиб, уларни парваришлашда илғор агротехнологияларни қўллади. Хусусан, янги келтирилган нозик кўчатлар қуёшли ўлкамизнинг куйдирувчи нурларидан ҳимоя қилиниши учун махсус соябон тўрлар ўрнатилди, сув ресурсларидан эса тежамкорлик билан фойдаланиш мақсадида тўлақонли томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.

Бу каби ташаббуслар фақат иқтисодий манфаат билан чекланиб қолмайди, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Айни пайтда хўжаликда 15 нафар фуқаро мавсумий, балиқчилик йўналишидаги корхонада эса кўплаб ёшлар  иш ўрнига эга бўлиб, бу ҳудудда ишсизликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қўшилаётган амалий ҳиссадир. Шу билан бирга, сув ҳавзаларида парваришланаётган  балиқлар нафақат туман аҳолисини, балки қўшни ҳудудлар дас­турхонларини ҳам экологик тоза маҳсулот билан мунтазам таъминламоқда. Биргина балиқчилик тармоғининг ўзи йиллик 150 миллион сўмдан ортиқ даромад келтираётгани хўжаликнинг иқтисодий қудрати тобора ошиб бораётганидан ва танланган йўлнинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатмоқда.

Хулоса шуки, Қонликўл туманидаги «Янги Ўзбекистон» массиви тимсолида биз бугунги ислоҳотларнинг жонли натижасини кўрамиз. Бу маскан шунчаки турар жойлар эмас, балки бандлик, замонавий таълим, тадбиркорлик ва фаровон турмуш тарзини ўзида мужассам этган буюк келажакнинг кўзгусидир.

Гулжамила АМЕТОВА,

“Қонликўл хабарлари” газетаси бош муҳаррири.