Жорий йилги касб байрамимиз мен учун қўшалоқ байрамлар ва қувончли ютуқларга бой келди. Яқиндагина Президентимиз билан яна бир бор юзма-юз мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлдим. «Йил ўқитувчиси» танловида иштирок этиб, ғолиб бўлдим. Бугун эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан юксак давлат мукофоти — «Мардлик» ордени билан тақдирландим.
Бу юксак мукофотни катта масъулият билан қабул қиламан. Зеро, устозга билдирилган ишонч уни ўз касбига янада сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида ўтказилган мулоқотда иштирок этар эканман, бундан икки йил аввалги суҳбатимиз ҳам ёдимга тушди. Ўшанда ҳам Президентимиз билан ўқитувчилар меҳнати, уларга яратилаётган шароитлар ва меҳнат ҳақи ҳақида фикрлашган эдик.
Мен ўша суҳбатда чекка ҳудудда ишлашимга қарамай, 2 минг доллар эквивалентида меҳнат ҳақи олаётганимни айтган эдим. Президентимиз эса: «4 минг доллар олсангиз, рози бўламан», деган эдилар.
Ўша пайтда бу гапни эшитганимда қалбимда алоҳида бир ҳис пайдо бўлган. Чунки бу сўзларнинг ўзиёқ ўқитувчи меҳнатига давлатимиз раҳбари томонидан қандай юксак баҳо берилаётганини англатар эди.
Бугун эса орқага қараб, ўша мулоқотда айтилган фикрларнинг ҳаётдаги ифодасини кўриб турибман. Президентимиз ўқитувчининг ойлик меҳнат ҳақи 2 минг доллар бўлади, деганларида унча ишонч билан қарамаганлар ҳам бўлган. Бугун эса бу гаплар ҳақиқатга айланди.
Менинг ўзим ҳам яратилган адолатли рағбат тизими натижасида 2 минг доллар эквивалентида меҳнат ҳақи оламан. Бу йил эса «Йил ўқитувчиси» танловида иштирок этиб, ғолиб бўлдим. Бунинг учун 616 миллион сўм, яъни қарийб 50 минг доллар миқдорида бир марталик пул мукофотига эга бўлдим.
Мен учун энг катта қувонч — ўз меҳнатим натижасини ўқувчиларимнинг ютуқларида кўриш. Фан олимпиадаларида ғолиб бўлганим учун Президентимизнинг тегишли қарори асосида ойлигимга 100 фоиз, республика олимпиадаси ғолиби сифатида яна 100 фоиз устама тўланади. Ўзбек тили бўйича миллий сертификатдан А+ даражасига эгаман ва бунинг учун 50 фоиз устама оламан. Шунингдек, Вазир жамғармасидан 70 фоиз, илмий ишим учун 30 фоиз, директор жамғармасидан ҳам 30 фоиз устама берилади.
Бугун мамлакатимизда ўқитувчи учун яратилаётган имкониятларни кўриб, «Нега мен ўқитувчи бўлдим?» деган саволга янада ишонч билан жавоб бераман. Чунки устозлик — шунчаки касб эмас. Бу юрт келажагига дахлдор шарафли вазифа.
Президентимизнинг ўқитувчилар ҳақидаги фикрларини ҳар сафар эшитганимда, ўз ютуқларимиз ҳақида ўйлайман. Кўнглимдан шундай фикр ўтади: шунча имконият, шунча эътибор ва ҳурмат шароитида бундай натижаларга эришиш ҳар бир ўқитувчи учун одатий меҳнат тартибига айланиши керак.
Мен «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблигимни фақат ўзимнинг ютуғим деб билмайман. Бу — менга ишонч билдирган мактабим жамоаси, таълим берган устозларим, доимо қўллаб-қувватлаб келаётган яқинларим ва албатта, мен билан бирга изланаётган ўқувчиларимнинг ҳам ютуғи.
Бугунги юксак давлат мукофотини ҳам ана шу инсонлар билан боғлайман. Чунки ҳар қандай натижа ортида жамоавий меҳнат, ишонч ва қўллаб-қувватлаш туради.
Бу эътироф ва рағбат менга бундан кейин ҳам ўз устимда ишлашга, изланишга, ўқувчиларимга сифатли таълим беришга ва устоз деган юксак номга муносиб бўлишга ундайди. Бугун менга билдирилган ишончни эртанги меҳнатим ва янги натижаларим билан оқлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Нигора Алламбергенова,
Қонликўл туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабининг ўзбек тили фани ўқитувчиси, «Мардлик» ордени соҳиби.



