УСТОЗ
(Қорақалпоғистон халқ шоири
Гулистон Матёқубова – Аннақиличевага бағишлов)
Устоз!
Мен ҳамду санолар қилмадим сира,
Бир сўз ёзолмадим, бу эмас бежиз.
Сизнинг таърифингиз битмоқлик учун
Балки мен ожизман, балки сўз ожиз.
Оламда таъриф кўп, тавсиф кўп, бари
Гўзал жумлаларга жамлик қилади.
Кўнглимдаги Сизни таърифлаш учун
Уларнинг барчаси камлик қилади.
Қанийди тил билсам, бештами ўнта,
Миллиард сўзни билмоқ этганда насиб,
Балки, шунда барин титиб-титкилаб,
Битта сўз топардим, Сизга муносиб.
Бир сўз ёзолмадим мен сизни алқаб,
Гарчи сўз кўнгилга паноҳ бўлади.
Аммо устоз деган буюк зот ҳақда
Шунчаки ёзмоқлик гуноҳ бўлади…
***
Устоз,
Сиз улуғ ёшларга қўйиб қадамни,
Ортга бир қайрилиб қараган чоғда,
Суронли умрнинг узун йўллари
Сиздан ҳам бир таъриф сўраган чоғда,
Қувончлари ширин хотира, бироқ
Ғамлари олдида туролдингизми,
Шунча йиллик ғала-ғовур ичида.
Мени кўрдингизми, кўролдингизми?
Кўрдингизми, ўша Оқбошли ёқдан
Шиппак кийиб келган қорамағиз қиз,
Паталак сочигача ҳаяжон босиб,
Титраб турганини сизла юзма-юз.
Кўрдингизми, қайноқ бир меҳр билан,
Шу қизга узатган қўлларингизни,
Кўрдингизми, кейин опа-сингилдай
Уйғунлашиб кетган йўлларингизни.
Кўрдингизми, яна ўша йўлларда
Туртилганда тортиб олганларингиз,
Оёғи чиқмаган палопон каби
Йиқилсам турғазиб қўйганларингиз.
Кўрдингизми, мени маҳкам ушлаган
Қўлларингиз сира толмаганини,
Кўрдингизми, йиллар, йўллар ичида
Бегоналигимиз қолмаганини.
Кўрдингизми, сиздай ҳар бир улуғ зот
Элнинг бир боласин ардоқлай олса,
Элнинг боласига бағрин кенг очиб,
Тўғри йўлга солса, ҳақ йўлга солса.
Кимдир устоз бўлиб, кимдирки шогирд,
Бериб турса агар бир-бирига қўл.
Узилмаса икки авлод ораси
Абадий ҳамжиҳат яшарди шу эл.
Устоз,
Сиз улуғ ёшларга қўйганда қадам,
Ҳаётга бир таъриф беролдингизми,
Шунча йиллик ғала-ғовур ичида
Мени кўрдингизми, кўролдингизми?..
* * *
Устоз,
Балки, ташвишингиз
устига ташвиш,
Муаммолар қўшиб
ҳаётингизга,
Елкамга бўм-бўш
тўрвамни ташлаб,
Кириб келдим сизнинг
қанотингизга.
Силлиқ эмас эди,
Биз юрган йўллар
Чангсиз шаҳарларда
Ғуборга ботдим,
Сиз нима берсангиз
Асрадим фақат,
Сиз нима берсангиз
тўрвамга отдим.
Гоҳида келарди
Митти бир қувонч,
Гоҳида босарди
Чидаб бўлмас ғам,
Аммо мен барида
Собит турардим,
Ахир тўлар эди
Менинг бўш тўрвам.
Юрардим бир қадам
четга силжимай
Сиз кўрган чинингиз,
эртагингизда,
Синчиклаб бир қаранг,
кўрасиз уни,
Қўлларим изи бор
этагингизда.
Шаҳар эркалатмас
мусофирларни,
Лек, менга заррача
қилмасди алам,
Сиз берган бисотлар
билан кун сайин
Катталашиб борар
эди бўз тўрвам.
Балки, қилмасдилар
юксак эътироф,
Кўкларга кўтармас
эдилар лекин,
Гапнинг индаллоси
айтилар чоғда
Тан олар бўлдилар
тўрвамнинг юкин.
Кимлар орқасига
нима ташламас,
Бир кунимга ярар
дейдида одам,
Менинг бир умримга
ярайди энди
Сиз тўлғазиб берган
нажоткор тўрвам.
Чиндан, ташвишингиз
устига ташвиш,
Муаммолар қўшиб
ҳаётингизга,
Елкамга бўм-бўш
тўрвамни ташлаб,
Кириб келган эдим
қанотингизга…
* * *
Устоз,
Оллоҳ кўнглингизга солган бу меҳр,
Менга худойимнинг ёрлигидандир,
Ютуқларим сизнинг борлигингиздан,
Хатоларим ақлим торлигидандир.
Меҳр борар жойин танламас сира,
Қалбда туйғуларнинг ҳурлигидандир,
Бир киши кашф этса бир кишини гар,
Инсон қудратининг зўрлигидандир.
Қўлимдан тутасиз ҳанузким маҳкам
Устознинг отага тенглигидандир,
Умрингиз гузорон, бахтингиз бекам,
Бу дунёнинг кенгга кенглигидандир.
Равшанлашиб борса тобора йўлим,
Сизнинг ўгитингиз нурлигидандир.
Кўзлаган жойимга етмаса қўлим,
Ҳали тафаккурим ғўрлигидандир.
Шогирдлар бўлсалар бир кун муаззам,
Устози-азизнинг пирлигидандир.
Келажак бугунга этолса таъзим,
Шу икки авлоднинг бирлигидандир.
Назира МАТЁҚУБОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Нукус-Тошкент
2026 йил



