Яқинда ҳурматли Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукус шаҳридаги «Coals KS» корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада янги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайтирилиши ва кўплаб янги иш ўринларининг яратилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва истиқболдаги режалар билан танишиш асносида Президентимиз Анвар Шукуровнинг изланувчанлик ва ташаббускорлик фазилатлари билан кенг тармоқли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, кўплаб муҳим инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб келаётганини алоҳида эътироф этди ҳамда уни фахрий унвон билан тақдирлаш ҳақида гапириб ўтган эди.
Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони қабул қилиниб, «Қорақалпоқ цемент» МЧЖ таъсисчиси Анвар Исматович Шукуровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони берилди. Мазкур юксак мукофотни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев тантанали равишда топширди.
Бу эътироф замирида, аввало, йиллар давомида изланиб, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга интилиб келаётган тадбиркорнинг меҳнати мужассам.
— Президентимизнинг корхонамизга ташрифи бизга янада катта куч ва ишонч берди, — дейди “Қорақалпоқ цемент” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” фахрий унвони соҳиби Анвар Шукуров. — Давлатимиз раҳбари билан мулоқот чоғида корхонада амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш қувватлари, янги инвестиция лойиҳалари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот бердик. Президентимизнинг ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларга қизиқиш билдириб, корхона фаолиятини янада ривожлантириш бўйича билдирган фикр ва тавсиялари биз учун муҳим дастуриламал бўлади. Энди олдимизда турган асосий вазифа — ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, янги технологияларни жорий этиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Мен учун ушбу фахрий унвон билан тақдирланганим, аввало, кўп йиллик меҳнатимизга билдирилган юксак эътибор ва ишонч ифодасидир. Бу эътирофни шахсий ютуғимдан кўра, корхона жамоаси билан биргаликда амалга ошириб келаётган ишларимизга берилган баҳо сифатида қабул қиламан. Зеро, ҳар қандай лойиҳа ортида фидойи меҳнат қилаётган муҳандислар, ишчилар, мутахассислар ва тадбиркорлар жамоаси туради.
Президентимизнинг бизга билдирган ишончи ва эътиборига муносиб бўлиш учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Бу юксак унвонни янги ташаббуслар ва амалий натижалар учун катта масъулият сифатида қабул қиламан.
Айни пайтда «Coals KS» корхонасида газоблок ва оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Газоблок ишлаб чиқариш қуввати йилига 300 минг куб метр, оҳак ишлаб чиқариш қуввати эса 165 минг тоннани ташкил этади. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Анвар Шукуровнинг айтишича, корхона бугунги натижалар билан чекланиб қолмаяпти. Ҳозир янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга қаратилган бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, умумий қиймати 38 миллион доллар бўлган тўртта янги лойиҳа — ўғит ишлаб чиқариш заводи, кальций озуқаси ишлаб чиқариш заводи, чорва озуқаси ишлаб чиқариш заводи ҳамда махсус цемент ишлаб чиқариш заводи бўйича қурилиш ишлари бошланган. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 590 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, корхона фаолиятининг истиқболли йўналишлари ҳам кенг. Когенерация энергия тежам мажмуаси, иссиқхона мажмуаси, қуёш фотоэлектр мажмуаси, биг-бэг қоплар, фиброцемент плиталар ва шиша кристолит ишлаб чиқариш заводлари, А380 магистраль йўли ёқасида кемпинг мажмуаси ҳамда аёл ва болалар учун махсус фитнес ва соғломлаштириш марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Янги корхона — ёшлар учун янги имконият
Жорий йил Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида тўлиқ ишга туширилган газоблок ишлаб чиқариш корхонасида иш уч сменада ташкил этилган. Ҳар сменада 40 нафар ишчи меҳнат қилади. Олис ҳудудлардан келиб ишлаётганлар учун ётоқхона, транспорт хизмати ташкил этилган, ходимлар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.
— Корхонамизда жами 150 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ва меҳнат миграциясидан қайтиб келган маҳаллий аҳоли ташкил этади, — дейди «Coals KS» МЧЖ технологи Азизбек Уразбаев. — Ўзим ҳам Қорақалпоқ давлат университетини 2023 йилда саноат технологияси йўналиши бўйича тамомлаганман. Мана, янги корхонада ўз мутахассислигим бўйича ишлаяпман. Бу ерда замонавий ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиб, касбий билим ва тажрибамизни ошириш имконияти бор.
Корхонада суткасига 700–800 куб метр ҳажмда газоблок ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қувват 300 минг куб метрни ташкил этади. D500, D550, D600 ва D650 маркали газоблоклар тайёрланмоқда. Маҳсулотлар Қорақалпоғистондаги буюртмачилардан ташқари қўшни вилоятларга ҳам шартнома асосида етказиб бериш учун буюртмалар қабул қилинмоқда.
Газоблоклар асосан кўп қаватли турар жойлар қурилишида ишлатилади. Маҳсулот таркибида кварц қуми, оҳак, цемент, гипс ва алюминий пудраси мавжуд бўлиб, хомашёнинг 99 фоизи маҳаллий манбалар ҳисобига таъминланмоқда.
Корхонада ишлаётганлар учун яратилган шароитлар уларнинг ўз ҳудудида меҳнат қилиши ва барқарор даромад топиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Мен Тахиатош туманидан келиб ишлаяпман, — дейди оператор Жўрабек Нуруллаев. — Бу ерда ишчилар учун қулай шароитлар яратилган. Ётоқхона, транспорт хизмати бор, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланамиз. Энг муҳими, чет элларга кетмасдан, оиламга яқин жойда шундай замонавий заводда ишлаяпман. Бундан хурсандман. Шу ерда ишлаб, ўз тажрибамни ошириш, корхона ривожига ҳисса қўшишни истайман.
«Coals KS»даги ишлаб чиқариш жараёнига назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат аён бўлади. Нукус шаҳрида барпо этилган ушбу янги корхона фақат маҳсулот ишлаб чиқарадиган майдони эмас. У янги касб ва кўникмаларни эгаллаётган ёшлар, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, ўз ҳудудида ишлаш имкониятига эга бўлаётган маҳаллий аҳоли учун ҳам янги имкониятлар манбаидир.
Президентимизнинг корхона фаолиятига юксак эътибор қаратиши, янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши ва тадбиркор меҳнатининг давлат мукофоти билан эътироф этилиши жамоа зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда.
Шу маънода, «Coals KS»да бошланган янги лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, балки юзлаб янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва Қорақалпоғистон саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Президент эътибори билан бошланган бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати — унинг ортида инсон тақдири, янги иш ўрни ва оила фаровонлиги турганидир.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



