«Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди


14 январь. Нукус шаҳридаги «Мотамсаро она» ҳайкали атрофи одамлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Бу ерда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Мотамсаро она» ҳайкали  пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йилда мазкур сана кўтаринки руҳда нишонланмоқда. «Ватан-муқаддас, уни асраш шарафли бурчдир!» деган юксак ғояни ўзида мужассам этган турли тадбирларда юртимиз чегараларининг дахлсизлиги, халқимиз тинчлиги йўлида ғоят масъулиятли ва улкан вазифани фахр билан уддалаб келаётган Ватан ҳимоячиларининг мардлиги яна бир марта улуғланди. Ана шундай тадбирлар натижасида келажакда ватан ҳимоячиси бўламан, деган ёшларимиз сафи йилдан йилга ортиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекис­тон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги халқимиз томонидан катта мамнуният билан қарши олинди.

Соат 10:00. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов ҳарбий оркестр садолари остида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гул қўйди.

Шунингдек, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари номидан гулчамбарлар қўйилди.

Шундан сўнг, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматига қарашли чегара аскарлари, таълим муассасалари ёшлари саф тортиб тантанали юриб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг  27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.