Маълумки, газетамизда долзарб мавзулар ва қабул қилинган қарорлар юзасидан масъул ходимлар билан суҳбатлар уюштириб борилмоқда. Ушбу сонда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартда қабул қилинган “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Аллаберген Бердиев билан суҳбатимиз эътиборингизга ҳавола қилинади.
— Аввало, “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг соҳани ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида гапириб ўтсангиз.
— Ушбу қарор республикамизда транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳитини ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини оширишда катта аҳамиятга эга ҳисобланади.
— Мазкур қарорга мувофиқ қайси даврлардан қандай ўзгаришлар жорий қилинмоқда?
— Ушбу қарор билан, 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб транспортларда йўловчи ва юк ташиш борасида бир қатор талаблар бекор қилинмоқда. Жумладан, халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш тартиби, олиб кириладиган ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган «Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамаларни мажбурий сертификатлаш, шунингдек транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш каби бир қатор тартиблар бекор қилинади.
Шунингдек, чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш имконияти мавжуд бўлиши шарти билан йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар, автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорларнинг ва корхона штатида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассиснинг алоҳида бирлиги мавжуд бўлиши шарти билан юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талаблари, автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблари ҳам бекор қилинмоқда.
Шу билан бирга 2019 йил 1 июлдан бошлаб бир қатор янги тартиблар жорий қилинади. Хусусан, йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин. Йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади. Йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона ички ва ташқи белгилар билан жиҳозланган енгил автомобиллар йўналишли транспорт воситалари учун махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин бўлади.
Ушбу қарор билан 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори икки маротаба камайтирилди.
— Биламиз, республикамизда аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Юқоридаги қарор тизимдаги қайси муаммоларни бартараф қилиши назарда тутилган?
— Биласиз, республикамиз бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган. Ҳозирда республиканинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлақонли фойдаланилмаяпти. Ушбу қарор республикамизнинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳитини яратиш ва транспорт хизматини кўрсатишдаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилган.
— Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги тизимидаги ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида ҳам қўшимча маълумот берсангиз.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарорининг 3.5-бандига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири 2019 йил 20 март куни, унинг ўринбосари 2019 йил 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланди.
Шунингдек, ҳозирда “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Ушбу низом қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ушбу низомга асосан ўз фаолиятини амалга оширади.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ
суҳбатлашди.



