Нукус шаҳрида умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида “Билим –келажак таянчи” шиори остида “Қизларжон” ўқувчи қизлар саммити ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда пойтахтимиздаги 48 та мактабдан 14-18 ёшдаги 150 нафардан ортиқ ўқувчи қизлар иштирок этди.
“Қизларжон” клубларининг координаторлари, халқаро, республика, туман, шаҳар ва фан олимпиадалари ғолиблари, фанларни аъло баҳоларда ўзлаштираётган ўқувчи қизлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сардорлари, ҳунармандчилик ва АКТ (ахборот- коммуникация технологиялари)га қизиқувчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари ва тренингларда қатнашди. Лицей фойесида ҳунармандчилик билан шуғулланувчи ўқувчи қизларнинг ўз қўллари билан яратган маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилди.
