Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи


Ассалому алайкум,

Ҳурматли меҳмонлар!

Қадрли ватандошлар!

Энг дастлаб, Сизларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан юртимиз тарихидаги қутлуғ сана, эркин ва фаровон турмуш йўлидаги барча ютуқларимиз асоси бўлган энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллик байрами билан қизғин қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга бахт ва барака, юртимизнинг янада ривожланиши йўлидаги барча эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилашга рухсат этгайсизлар!

Азиз дўстлар!

Барчангизнинг хабарингиз бор, бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларимиз ва хотин-қизларимизни, нуронийларимиз ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорликка кенг йўл очиш тадбирлари бутунлай янги босқичларга кўтарилиб бормоқда.

Шуни фахр билан айтиш лозимки, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизнинг барча ҳудудлари каби шаҳар ва туманларимиз янгича чирой очиб, катта бунёдколик майдонига айланиб бормоқда.

Мана, шунинг натижасида биринчи ярим йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот кўлами 7 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, йил якунигача бу кўрсаткич 15 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Бундан уч-тўрт йил олдин йиллик ялпи ҳудудий  маҳсулотлар кўлами  4 триллион сўмни ташкил қилар эди.

Шулар қаторида, ўтган олти ой давомида қурилиш ишлари кўлами 45 фоизга, инвестициялар кўлами 19,4 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кўлами 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини  етиштириш кўлами 5,4 фоизга, хизматлар кўлами 18 фоизга ўсгани – иқтисодиётимизнинг тез суръатларда ривожланаётганини исботлайди.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Мўйноқ ва Қонликўл туманларида, ҳатто энг чекка қишлоқларимизда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кўнгилларга қувонч ва шодлик туйғуларини бағишлайди.

Қадирли ватандошлар!

Барчангиз яхши биласизлар,  Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган ҳар бир ташрифини бутун халқимиз юртимизга келган катта бахт, мўл барака ва чексиз давлат сифатида алоҳида қувонч билан қарши олмоқда.

Кечагина, яъни, 20-21-август кунлари Муҳтарам ­Президентимизнинг Мўйноқ туманида, шунингдек, Нукус шаҳрида халқимиз билан  бўлиб ўтган учрашувлари – бу катта тарихий воқеаларни ўзида жамлаши билан бирга, халқимизнинг ёдидан ҳеч қачон чиқмайдиган қувончли лаҳзаларни ривожланишнинг янги босқичларини ўзида мужассам этди.

Айниқса, Муҳтарам Юртбошимизнинг «Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак», «Кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қилса, Мойноққа келиб кўрсин», «Янгиланишларни қоғозда эмас, одамларнинг кўзларида кўришимиз керак», деган чуқур мазмунга эга фикрлари кўнгилларни тўлқинлантириб, юракларга илҳом, билакларга куч-ғайрат ином қилмоқда.

Албатта, асрларга татигулик кенг кўламли эзгу ишларни амалга оширишда Муҳтарам Шавкат Миромонович барчамизга ибрат бўлиши билан бирга, бутун халқимизни аниқ мақсадлар атрофида жамлаб, уларни катта бунёдкорлик ишларга руҳлантирмоқда.

Бўлиб ўтган учрашувда Муҳтарам Президентимиз Қорақалпоғистонни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган 5 асосий вазифани белгилаб берди. Яъни, инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда саноатни жадал ривожлантириш, соҳаларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий қилиш, ҳосилдорликни ошириш, ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш халқимиз учун замонавий инфратузилмани яратиш, Оролбўйи хал­қининг яшаш шароитларини яхшилаш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, халқимизнинг ҳоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, 2019-2022 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингга яқин иш ўринларини яратиш вазифалари белгилаб олинди. Шулардан чет эл инвестицияларининг улуши 914 миллион 735 минг АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Халқимиз турмишида ва иқтисодиётимизда алоҳида ўрин эгаллайдиган бу лойиҳалар ҳақида сўз борганда, албатта, Қипчоқ посёлкаси рўпарасидан Амударёга автомобиль ва ­темирйўл кўпригини қуриш, Нукус – Ақтаў йўналиши бўйича автобус ва темирйўл қатновини йўлга қўйиш, “Нукус – Қўнғирот – Даўит-ата” автомобиль йўлининг 240 километрлик қисмини реконструкция қилиш, Қораўзак ва ­Тахтакўпир туманлари марказларида “Обод марказ” дастурини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Қораўзак туманидаги “Тебинбулақ” кони ­негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси бошланмоқда.

Мана, шундай кенг кўламли эзгу ишларнинг давомини Нукус шаҳрида лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш 50-60 фоиз ғалла майдонларини чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва дон корхоналарига ­кластер усилида бириктириш, Германиянинг тажрибали мутахассислари ва замонавий технология­лари асосида наслчилик ва чорвачилик кластерларини очиш, “Дарьяаралиғи” сув сақлагичида йилига 20 минг тонна балиқ етиштириш, ­ноябрь – февраль ойларида Орол денгизи тубида 700 минг гектарга саксовул экиш ишларида кўришимиз мумкин.

Шулар билан бир қаторда, Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг маблағлари ҳисобидан Мўйноқ туманида Корея технологияси асосида кўп тармоқли тиббиёт клиникасини, шунинг­дек, мазкур туманда 100 ўринга мўлжалланган даволаш-реабилитация марказини қуриб, файдаланишга бериш, Элликқалъа, Мўйноқ ва бошқа туманларнинг ­туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги туризм маршрутларини очиш, Нукус шаҳрида “Нукус сити” лойиҳасини амалга ошириш, келгуси йил 16-20 этажли турар жойлар қуриш режалаштирилган.

Муҳтарам Президентимизнинг ташрифи давомида алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири – бу барча туманларимизнинг соҳаларга бўлиниши, айниқса, чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Бўзатов туманини қайта ташкил қилиш бўйича билдирган таклифи бўлди. Бу воқеани бутун халқимиз катта қувонч билан кутиб олди, десак муболаға бўлмайди.  Мана, ўтган саноқли кунлар ичида Бўзатов туманини қайта ташкил қилиш, маҳаллий аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш, ҳудуднинг инфратузулмасини қайта тиклаш, чорвачиликни ривожлантириш, тадбиркорликни кенгайтириш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Энг асосийси, бундай катта ўзгариш ва янгиланишларни шаҳар ва туманларимиз, барча соҳалар мисолида кўришимиз мумкин.

Халқимизга бўлган бундай юксак ­эътибори ва ғамхўрлиги учун Муҳтарам Президентимизга минг-минглаб раҳматлар айтамиз!

Ҳурматли замондошлар!

Юртимизда юз бераётган шундай ўзгариш ва янгиланишларга, юртимиз ривожига улуш қўшиш, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилиш, Муҳтарам Президентимизнинг бизга бўлган ишончини оқлаш – бу улуғ бахт саналади.

Мана, бугунги байрам олдидан бир қатор замондошларимиз орден ва медаллар, давлат мукофотларини олиш бахтига муяссар бўлмоқда.

Шулар қаторида мен учун ҳам энг олий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонининг берилиши – бу Муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг бутун Қорақалпоғистон халқига, шу ерда яшаб меҳнат қилаётган ҳар бир инсонга берилган юқори баҳоси деб биламан ва бундай эътибори учун ­Муҳтарам Президентимизга, шунингдек, бутун ­халқимизга минг-минглаб раҳматлар айтаман!

Қадрли ватандошлар!

Сизларни яна бир бор мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллик байрами билан қизғин табриклайман.

Юртимизнинг янада гуллаб-ривожланиши, ­халқимизнинг бахтли ва фаровон турмуши йўлидаги барча эзгу ишларингиз ўнгидан келаверсин, деймиз!

Илоҳим, ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилган мустақиллигимиз мангу бўлиб, Ватанимизнинг буюк келажагини қуриш учун ҳисса қўшиш бахти ҳаммамизга насиб этсин!