МУКОФОТ МАСЪУЛИЯТНИ ОШИРАДИ


Ҳар йили энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, таълим, маданият, адабиёт, санъат, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ривожлантиришдаги хизматлари, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда жамоатчилик ишларидаги кўп йиллик самарали иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланади.

Бу йилги Ватанимиз мус­тақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида мен ҳам II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирландим. Ушбу мукофот нафақат менга, балки, бутун қорақалпоғистонлик хотин-қизларга билдирилган юксак ишонч, эътибор деб биламан. Биласизми, мукофотланганлар қаторида ўзимнинг ҳам номимни кўриб рости жуда ҳаяжонландим. Амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот аввало инсон манфаатларига қаратилган, инсон қадри юксак, меҳнатлари эъзозланадиган юртда яшаш бахтини, завқини яна бир бор чин дилдан ҳис қилдим. Тўғри, инсон мукофот, мақтов учун ишламайди. Аммо, мана шундай қутлуғ айёмда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизлар турмушини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш борасида қилинган озгина хизматларимизнинг эътироф этилиши менга жуда катта куч берди, руҳлантирди, ишга нисбатан масъулият ҳиссини янада оширди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг  931 400 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улардан 400 мингдан ортиғи давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг 50 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг  44,4 фоизини,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларининг 18,4 фоизини, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларининг 20,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Президентимиз ­Ш.Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида “Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда” — дея хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратган эдилар. Президентимизнинг ушбу таъкидлари қорақалпоғистонлик хотин-қизлар ҳаётини яхшилаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги нуфузи, ­фаоллигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда  муносиб иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, республикамизда жорий йилнинг 6 ойи давомида 14 минг 242 нафар ишсиз хотин-қизлар учун 9047 та иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар банд­лигини таъминлаш мақсадида жами 77 та меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, натижада 811 нафар хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Иш сўраб мурожаат қилган аёлларнинг 8980 нафари иш билан таъминланди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида республикамиз бўйича жами 1606 нафар хотин-қизлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиб, 1894 та янги иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 32 та болалар боғчалари ташкил этилиб,  натижада 73 та иш ўринлари яратилишига эришилди.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш истагида бўлган 7169 нафар хотин-қизларга 165 млрд 134 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.

Жойларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида, Тахтакўпир тумани Караой ОФЙда, Қонликўл тумани Наврўз ОФЙда, Нукус тумани Шўртанбай МФЙда 1 тадан тикув цехларида 300 тадан янги иш ўринларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Мўйноқ туманидаги 1000 ўринга мўлжалланган тикув фабрикасида хотин-қизлар самарали фаолият юритиб келмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш ­жоизки, жорий йилнинг 6 ойи давомида хотин-қизлар ­томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,2 ­фоизга камайишига эришилди.

Республикамизда оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шундай шароитда яшаётган 650 нафар аёлларнинг банд­лиги таъминланди.

Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб бериш, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги иштирокини ошириш, бандлигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган муҳим ва изчил чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Келгусида ҳам хотин-қизлар турмушини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, уларнинг ҳаётий, кундалик  муаммоларига ечим топиб, бахтли ҳамда ҳаётдан рози бўлиб яшашлари ҳамда тизим фаолиятини янада ривожлантириш учун астойдил ҳаракат қиламиз, албатта.

Зуҳра Ибрагимова,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси,

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.