Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва республика ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар, корхона-муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, секторлар раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Таъкидланганидек, ўтган уч йил давомида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида, иқтисодий соҳаларда, халқнинг яшаш шароитларида бир қатор ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Албатта, давр талабидан келиб чиқиб қабул қилинаётган Президент фармонлари, қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг республикамизда олти маротаба бўлиб, шу асосда қабул қилинган баённомалар, Дастурлар ва “Йўл харита”лари катта ўзгаришлар ва янгиланишларга замин яратмоқда.
Шу йилнинг 20-21- август кунлари Президентимизнинг республикамизга ташрифи, шунингдек, Нукус шаҳрида фаоллар билан бўлган учрашуви тарихий воқеликни ўзида мужассам этиши билан бир қаторда, тараққиётимизнинг янги босқичини белгилаб берди.
Бўлиб ўтган учрашувларда Президентимизнинг “Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак” — деган маъноли фикрлари халқимизда келажакка ишонч уйғотмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари республикамизни янада ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналишни белгилаб берди. Жумладан, саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, тадбиркорлик жадал ривожланиши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш чоралари белгилаб олинди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш ҳамда Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бир қаторда, 2019-2022 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 та лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш назарда тутилмоқда. Халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Қипчоқ посёлкаси қошидан Амударёга автомобиль ва темир йўл кўпригини қуриш, Нукус–Ақтаў йўналиши бўйича автобус ва темир йўл қатновини йўлга қўйиш, “Нукус-Қўнғирот-Даўит ата” автомобиль йўлининг 240 километрлик қисмини таъмирлаш, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари марказларида “Обод марказ” дастурларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Қораўзак туманидаги “Тебинбулоқ” кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси бошланмоқда. Германиянинг тажрибали мутахассислари ва замонавий технологиялари асосида наслчилик ва чорвачилик класстерларини очиш, “Дарё оралиғи” сув сақлагичида йилига 20 минг тонна балиқ етиштириш, ноябрь-февраль ойларида Орол денгизининг қуриган майдонидаги 700 минг гектарга саксовул экиш вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, Траст фонди маблағлари ҳисобидан Мўйноқ туманида Корея технологиялари асосида кўп тармоқли тиббий клиника қуриш, 100 ўринга мўлжалланган даволаш-реабилитация марказини қуриб фойдаланишга топшириш, Мўйноқ, Элликқалъа ва бошқа туманларда янги туризм йўналишларини очиш, Нукус шаҳрида “Нукус сити” лойиҳаси бўйича келгуси йилда 16-20 қаватли уй-жойлар қуриш режалаштирилмоқда.
Юртимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида сўнгги уч йил ичида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида элликка яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишда давлат хизматлари агентлиги маркази ташкил этилганлиги, Бизнес-Омбудсман бўлимлари фаолият бошлагани, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мана шундай қулай шароитлар яратилиши натижасида жорий йилнинг ўзида 2755 тадбиркорлик субъекти янгидан очилиб, уларнинг сони 14598 тага етди. Тадбиркорларнинг аҳоли бандлигини таъминлашдаги ҳиссаси 75 фоизни, ҳудудий ялпи ички маҳсулотдаги улуши 50 фоизни, хизматлар кўрсатиш, савдо, қурилиш ва бошқа соҳалардаги ҳиссаси 50-60 фоизни ташкил этмоқда.
Шундай бўлса ҳам айрим шаҳар ва туманларимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми жуда паст бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳаракатсиз қолишига йўл қўйилмоқда. Шунингдек, ер участкаларини “Ер электрон” тизими орқали сотишда камчиликларга йўл қўйилиб, ҳудудий дастурга кирган айрим лойиҳалар ҳанузгача ишга туширилмаган. Тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар ечимига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги танқид қилинди.
Шу йилнинг 23 июль ва 2 август кунлари Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига юкланган эди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Б.Матмуратов республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида тўхталиб ўтди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов маъруза қилди. Кун тартибидаги ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Президентимизнинг республикамизга бўлган ташрифи давомида алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири бу барча туманларнинг соҳаларга ихтисослаштирилиши, айниқса, чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов туманини ташкил этиш масаласи бўлди. Ўтган қисқа вақт ичида туманни қайта ташкил этиш, маҳаллий аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳудуднинг инфратузилмасини қайта тиклаш, чорвачиликни ривожлантириш, тадбиркорликни кенг жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Туманни ташкил этиш бўйича Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг келишуви олинди.
Туманни қайта ташкил этиш бўйича истиқболдаги вазифалар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов маъруза қилди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда шунингдек, “Сайлов тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуниннг лойиҳаси ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси С.Турманов маъруза қилди. Бу масала бўйича 31-сонли “Ўрта қала” сайлов округидан депутат М.Ахмедова сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси З.Зиядуллаев маъруза қилди. Ушбу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Т.Хожаназаров сўзга чиқди. Депутатлар бу масала бўйича ҳам тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма еттинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



