Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган давлат грантлари танловининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича навбатдаги ғолибларига сертификатлар топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуротов сўзга чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, жорий йилнинг 23 августидан 25 сентябргача бўлган муддат оралиғида лойиҳа ҳужжатларини топшириш эълон қилинган “ОАВларда миллатлараро бағрикенглик ва дўстликни, тинчлик ва барқарорликни кенг тарғиб этиш” ҳамда “Жамиятда юксак маънавиятни ва қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш” мавзуларидаги давлат грантлари танловида фаол иштирок қилишга чақирди.
Тадбирда ўтган галги танловда ғолиб бўлган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Нукус шаҳар бўлинмаси, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Қорақалпоғистон бўлинмаси, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали “Орол” спорт клуби, шунингдек, “Қарақалпақстан ҳаўазы” ҳамда “Шымбай ҳаўазы” газеталари таҳририятларига махсус сертификатлар топширилди.
Ғ.Отажонов.



