«ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА


Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда. Яқинда НДПИ қошидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида ушбу масалага оид йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли таълим муассасалари раҳбарлари, марказ мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда депутатлар З.Ханиязов, Қ.Бабашев ва ­бошқалар сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг таълим соҳасидаги аҳамияти, унинг афзаллик жиҳатлари тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Президентимиз раҳбарлигида шу йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагоглар малакасини ошириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини, ёш авлоднинг маънавий ­дунёқарашини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида фикр ва таклифлар билдирилди.

Таъкидланганидек,  мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, ҳаётий тажрибалардан кўриниб турибдики, тизимда ҳали хануз муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, ўқитувчига бўлган муносабат, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг мазмун-моҳияти, сифати, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, улар юртимиз тақдирига дахлдор ҳар битта инсонни бефарқ қолдирмайди.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз ёшлар масаласини давлатимизнинг энг муҳим вазифаси даражасига кўтармоқда.

Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 22 йил бўлди. Ундаги нормалар янги замонавий ўзгаришларга жавоб бермаганлиги сабабли давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қонунни янги таҳрирда тайёр­лаш ва қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди. Бу лойиҳа сўнгги икки  йил ичида таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Унда таълим соҳасида кўп қўлланиладиган “Таълим ташкилоти”, “Давлат аккредитация”, “ Инклюзив таълим”, “Икки томонлама диплом” каби тушунчалар очиб берилмоқда.

Шунингдек, янги қонун лойиҳасида таълим муассасасининг ҳуқуқий мақоми, нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ҳамда ­фаолиятини лицензиялашга оид тартиб-қоидалар, таълим тизимида экспериментал, инновацион фаолият билан боғлиқ меъёрлар ҳам белгиланган.

— Бугунги йиғилишда қонун лойиҳаси ҳақида кўпгина малакали педагогларимиз томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, — дейди НДПИ қошидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёр­лаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази доценти Т.Қаллибеков. — Мен ҳам лойиҳанинг репетиторлик (хусусий педагогик фаолият билан шуғулланиш) бўйича масалалар қонунга киритилганлиги ҳақида фикрларимни билдирдим.

Ушбу масалаларнинг депутатлар томонидан аҳоли орасида, айниқса, мазкур соҳадаги педагог ходимлар иштирокида муҳокама қилиниши, биз ўқитувчиларни қувонтирмоқда. Янги қонун лойиҳасига аҳоли томонидан билдирилган ижобий фикрлар киритилиб, тез кунларда қабул қилинса юртимиз келажаги бўлган ёшларнинг сифатли билим олиши учун хизмат қилади, деб ишонамиз.

Йиғилишда қонун лойиҳаси бўйича фикр ва таклифлар билдирилди ҳамда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.