Оғир атлетиканинг оғир юкини кўтариб…


1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик бир гуруҳ фидойи инсонлар мамлакатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.

Улар орасида оғир атлетика бўйича олий тоифали мураббий, халқаро даражадаги спорт устаси Чашемов Мансурбек Халбаевичнинг “Дўстлик” орденига сазовар бўлгани кўпчиликни қувонтирди.

М.Чашемов 1983 йили Тахиатош туманида туғилган. У 2005 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг оғир атлетика бўйича тренер мутахассислигини тамомлади ҳамда шу йилдан бошлаб  2009 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси аъзоси бўлди.

— М.Чашемов Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида яхши натижаларга эришган эди, — дейди Республика спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Адилбек Алланазаров. — Жумладан, 2005 йили Дубайда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳамда 2007 йили Таиланд давлатида ўтказилган Жаҳон чемпионатида 6-ўринни, шу йили клублар ўртасида ўтказилган Осиё кубоги мусобақаларида 1-ўринни, 2008 йили XXIX ёзги Олимпия ўйинларида кучли ўнликда 7-ўринни, Японияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 3-ўринни, Корея давлатида бўлиб ўтган Осиё кубоги мусобақаларида 1-ўринни, 2009 йили Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 2-ўринни, 2010 йили Туркия давлатида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 4-ўринни эгаллади. Шунингдек, 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган XVI Осиё ўйинларида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди.

У 2009-2016 йилларда Хўжайли туманидаги 1-сонли  болалар ва ўсмирлар спорт мактабида, 2016 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунга қадар унинг кўпгина шогирдлари чемпион бўлишга муяссар бўлди. Хусусан, унинг шогирдлари Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ўтказилган мусобақаларда жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. М.Чашемов 2014 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ёш ўсмирлар терма жамоасининг катта мураббий  ўқитувчиси.

Шунингдек, шогирдларидан Р.Жангабаев 2014 йили ўтказилган Ўзбекистон Республикаси кубогида учинчи ўринни, Э.Баймуратов Ўзбекистон Республикаси чемпионатида биринчи ўринни, И.Реймов учинчи ўринни эгаллаган. Ю.Арутунянц хотирасига бағишланган халқаро очиқ турнирда Б.Султанбаев учинчи, Ўзбекистон Республикаси спорт мактаблари орасида ўтказилган чемпионатта И.Реймов биринчи ўрин ғолиби бўлди.

Шогирди Р.Жангабаев 2015 йили АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида, Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси учун 4 очкони тўплаб, 2016 йили Бразилиянинг Рио де-Жанейре шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида 6-ўринни, 2016 йили Доха шаҳрида бўлиб ўтган Осиё кубогида 1-ўринни, 2017 йили Ашхабад шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 1-ўринни қўлга киритди.

М.Чашемовнинг мана шундай меҳнатлари юксак баҳоланиб, 2009 йили “Шуҳрат” медали, 2016 йили “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси” унвони билан тақдирланди.

Келажакда М.Чашемов шогирдлари орасидан спортнинг оғир атлетика тури бўйича кўпгина Жаҳон, Осиё чемпионлари етишиб чиқишига ишонамиз.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.