Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ республикамизда бўлиб, тўрт кун давомида шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказди.
Унда Президент Администрациясининг масъул ходимлари, Олий суд, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва бошқа қатор вазирликлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудий сектор раҳбарлари иштирок этишди.
Кегейли, Қораўзак, Мўйноқ, Қонликўл, Хўжайли, Беруний туманлари ҳамда Нукус шаҳрида ўтказилган тадбирларда жами 1719 нафар фуқаро 1777 та масала юзасидан мурожаат қилишди. Шундан 679 та мурожаат шу ернинг ўзида ҳал этилди. 379 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 719 та мурожаатнинг ижроси тегишли соҳа раҳбарлари томонидан назоратга олинди.
Қабул давомида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда 10 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73 ва 74- моддаларига мувофиқ жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод этилди, 9 нафар фуқаронинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Тадбир давомида хотин-қизлар томонидан ҳам бир қатор мурожаатлар келиб тушди. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳридан 15 нафар, Хўжайли туманидан 15 нафар, Қонликўл туманидан 12 нафар яшаш шароити оғир хотин-қизларга 42 та реабилитация воситалари топширилди.
Бундан ташқари, 42 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламалари ҳамда қўлтиқ таёқлар берилди. Ижтимоий соҳа муассасаларига 9438 тонна кўмир тўлиқ етказиб берилди. Шунингдек, сайёр қабул давомида аҳолига 4140 тонна маҳаллий, 4830 тонна импорт кўмир тарқатилди. “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” масъулияти чекланган жамиятига “EPSILON” компанияси томонидан “Ҳар бир оилага иссиқлик ва ғамхўрлик учун” лойиҳаси асосида икки дона “SHACMAN” автомашинаси топширилди. Бу олис ҳудудларга суюлтирилган газ баллонларини уч ҳисса кўп етказиб бериш имконини беради. Тадбир давомида хонадонларга 226,8 тонна маиший газ баллони етказиб берилди. Аҳолини мунтазам электр энергияси билан таъминлаш масаласига доир мурожаатларнинг кўпчилиги ижобий ҳал этилди. Жумладан, 25 дона трансформатор, 95 дона бетон устунлар ўрнатилди. 21 километр масофадаги электр линияси янгиланди.
Сайёр қабуллар давомида аҳоли мурожаатларини тинглаш бораборида уларни қийнаб келаётган муаммоларни жойларда ҳал этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Соҳа раҳбарлари уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди. Фуқароларнинг бугунги яшаш тарзи, уларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечиришди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р.Хатамов сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш бораборида уларнинг уйларида бўлди. Бир қатор фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини топширди.
— Мустақил юртнинг фуқароси бўлиш қандай бахт, — дейди чимбойлик айратдийин Усенов. —1988-1993 йилларда Россия Федерациясида ишлаб келишимга тўғри келди. Мана шундан буён фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшаб келдим. Бунинг нақадар оғирлигини биласизми? Сайёр қабулда кўпчилик каби менга ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти топширилди. Эндиликда мен конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда шу йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда қатнашиб, ўзим хоҳлаган номзодга овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдим.
Мухтасар айтганда, бўлиб ўтган сайёр қабуллар давомида ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ҳаёт фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Республика бўйлаб ўтказилган сайёр қабулларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



