Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон Экологик партияси ҳам илк бор ўз номзодлари билан иштирок этмоқда ва Сайловолди дастурида бир қатор устувор йўналишларни белгилаб олган.
Ўтган асрда атроф муҳитга нисбатан беписандлик билан муносабатда бўлиш оқибатида сув ва ер ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг генофондига салбий таъсир кўрсатилиб, биологик хилма-хиллик камайди, атроф муҳитнинг саноат ва бошқа турли чиқиндилар билан ифлосланиши кучайди. Орол денгизининг глобал миқёсдаги экологик ва гуманитар ҳалокати Оролбўйи аҳолисининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келди.
Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва барқарор ривожланиши, халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш – мавжуд табиий бойликларимизга таянилган ҳолда амалга оширилади. Мустақил тараққиётимизнинг ҳозирги янги босқичида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни келгуси авлодларга етказиш борасида узоқни кўзлаган давлат сиёсати юритилмоқда.
Партия электорати атроф муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича демократик жамиятнинг таянчи, соҳадаги жадал ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи ва амалга оширувчи асосий куч бўлган, сиёсий-ижтимоий жиҳатдан энг фаол, жонкуяр инсонлардан иборатдир. Улар атроф муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган, юртимиз ва халқимизнинг бугунги ва келажак тақдирини она-табиатнинг мусаффолигисиз тасаввур қила олмайдиган, жамиятнинг барқарор ривожланиши – табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда, деб биладиган инсонлардир.
Партия Ўзбекистон мустақиллиги йилларида ташкил этилган ва фаолият юритаётган бошқа сиёсий партияларнинг қарашлари ҳамда мақсад ва вазифаларини инкор этмаган ҳолда барча сиёсий, мафкуравий кучларни
она-табиатни асраб-авайлаш, Ватанимизнинг табиат неъматларини келажак авлодларга етказишдек буюк ғоя атрофида бирлашишга чақиради.
Ўзбекистон Экологик партияси “Биз келажак учун жавобгармиз!” деган ғояни ўзининг бош шиори ҳисоблаган ҳолда ўз фаолиятининг бир қатор устувор йўналишларини белгилаб олган.
Жумладан, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган сиёсатни амалга ошириш, табиатни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш борасида кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, давлат органларининг мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан масъулиятини кучайтиришга қаратилган самарали парламент ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, глобал, минтақавий, маҳаллий экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда экологик ҳолатни барқарорлаштириш ишида жамоатчиликнинг фаол иштирокини ҳар томонлама кучайтириш каби масалаларни ҳал қилишни асосий вазифалари деб билади.
Ўзбекистон Экологик партияси – бу табиат мусаффолиги ва инсон саломатлиги учун қайғурадиган, ёши, жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳақиқий ватанпарварлар, табиат муҳофазасига жонкуяр ва фидойилар, амалий ҳаракатлари билан келажакка дадиллик билан интилаётганлар партиясидир.
Аҳолининг, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ҳудудларда канализация тизимларини ривожлантириш, санитар тозалаш ҳамда чиқиндиларни йиғиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини самарали ташкил этишга, четдан кириб келаётган хар қандай технологияларнинг миллий манфаатлар устуворлиги тамойилига асосан экологик экспертиза қилинишига, шу орқали экологик тоза хавфсиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш бугунги куннинг асосий вазифалари ва буларга эришиш партиямиз олдига қўйган мақсадларидан саналади.
Шу билан бирга аҳоли билан узвий ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини режалаштириш, мавжуд моддий ресурслар ва инфратузилма имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, “инсонлар учун шаҳар” ва “яшил шаҳар” моделларининг элементларини қўллаган ҳолда, ҳудудларни ободонлаштиришнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлашда фаол иштирок этиш, аҳолининг экологик дунёқарашини шакллантириш, экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, экологик сиёсатни тарғиб қилиш, экологик муаммоларни бартараф этишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, халқаро молия институтлари, экспертлар ҳамжамияти, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш тарафдоримиз.
Албатта, мақсадларимиз улуғ – уларга эришиш учун вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарур бўлади. Шу нуқтаи назардан биз 8 та асосий йўналишлар бўйича вазифаларни белгилаб олдик. Улар «Мамлакатда атроф муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш», «Экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш», «Экологик хавфсизликни, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини ҳамда экологик ва санитария нормаларига риоя этилишини таъминлаш», «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш», «Мамлакатнинг “яшил иқтисодиёт”га ўтишига кўмаклашиш», «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шарт-шароитларини яратиш», «Аҳолининг экологик саводхонлик даражасини ошириш, экологик маълумотга эга бўлишини таъминлаш», «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» каби вазифалардир.
Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизнинг экологик сиёсатини амалга ошириш ва мамлакатимизнинг барча фуқароларини қулай атроф муҳитга бўлган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, шунингдек ўзининг сиёсий ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда жамиятнинг барча кучларини сафарбар этишни муҳим устувор йўналиш деб ҳисоблайди.
Республикамизнинг ўзига хос ноёб табиати, табиий объектлари ва мажмуаларини, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генофондини сақлаб қолиш мақсадида атроф муҳит мониторингини юритиш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш, экологик маънавиятни шакллантириш, экологик таълим ва тарбияни такомиллаштириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур.
Фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишни ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасида “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилига асосан иқтисодий механизмларни жорий этишни яхлит тарзда таъминлаш бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш тарафдори.
Экологик хавфсизликни, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини ҳамда соғлиғини сақлашга оид экологик ва санитария нормаларига риоя этилишини таъминлаш масалаларини ҳал этишни биз яхши биламиз.
Ўзбекистон Экологик партияси Аҳолининг экологик хавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда уни рўёбга чиқариш ташаббуси билан чиқади.
Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий вазифаларидан бири давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан экология, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда экологик ва санитария нормаларига риоя этилишини таъминлаш, мазкур соҳада қабул қилинган қарорларни, шунингдек давлат дастурларини амалга ошириш ишларини фаоллаштиришдан ва унинг бажарилишини таъминлашни назоратга олишдан иборатдир.
Биз атроф муҳитни самарали бошқариш тарафдоримиз. Биз бор жойда, албатта, амалий натижалар ҳам бўлади ва биз бунга қатъий ишонч билан киришамиз!
Ўзбекистон Экологик партияси атроф муҳит ифлосланишини камайтиришни, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва инсон саломатлигини яхшилашни назарда тутувчи “Яшил иқтисодиёт”ни, хусусан, ресурс тежовчи ва экологик тоза инновацион технологияларни кенг жорий этиш ташаббускори бўлади ҳамда уни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Биз атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратилишини энг муҳим устувор вазифалардан бири деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Экологик партияси жойларда табиатни муҳофаза қилишга йўналтирилган истиқболли инвестицион лойиҳаларнинг бажарилиши устидан жамоатчиликнинг тизимли экологик мониторинги амалга оширилишига, бу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, шунингдек тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни, ҳомийлар маблағларини ўз вақтида, тўлиқ ўзлаштиришга ҳамда оқилона фойдаланишга ҳам ўз эътиборини қаратади.
Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Экологик партияси 2025 йилга қадар қуйидаги масалаларни амалга оширишни режалаштиради.
Аввало, мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача сувни тежовчи (томчилаб суғориш) самарали технологияларни жорий этилишини таъминлаш.
Шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида сизот сувларининг сатҳи кўтарилишининг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиши устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратмоқчимиз.
Шу билан бирга Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори қисмидан йилига камида 5-6 куб. км. ҳажмда сув юборилишини таъминлаш ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда 1,5 млн. гектар ер майдонини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирдик. Ер ости суви заҳираларидан самарали фойдаланиш бўйича технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланиш бўйича мониторинг тизимини ривожлантириш тарафдоримиз. Аҳолининг, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини 85 фоизгача етказишга эришиш бўйича чораларни кўрамиз.
Барча турдаги чиқиндилардан оқилона фойдаланишга эришиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш орқали уларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини 20 фоизгача етказишни режалаштирдик.
Шунингдек, партиямиз Сайловолди дастурида иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини ривожлантиришнинг миллий стратегиялари ҳамда дастурларини ишлаб чиқишда экотизимларни сақлаб қолиш, экологик масалалар юзасидан қарорларни тайёрлаш ҳамда қабул қилиш жараёнида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини кенгайтириш, олий таълим муассасаларида экология фани бўйича педогогик кадрларни тайёрлаш тизимини жорий қилиш, экологик тоза транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши, аҳолини велосипедлардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш каби 26 та муҳим масалаларни амалга ошириш режаларини ишлаб чиққанмиз.
Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлаш ва фуқароларимизнинг соғлиғини сақлашдек юксак вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишга чақиради. Бўлажак сайловларда биз кўрсатган номзодларни қўллаб-қувватлаб овоз беринг!
А. Бегимова,
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон партия ташкилоти раиси.



