“Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш” ғоясини илгари сурамиз


Жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шиорига таянган ҳолда “Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш” ғояси билан янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда.

Партиямиз ўзининг Сайловолди дас­турида Ўзбекистонни ривожланган замонавий давлатга айлантириш, халқаро ­миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада юксалтиришга ҳамда маънавий-интеллектуал тараққиётга эришиш учун мамлакатни модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантиришга шароит яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, барча соҳада миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш учун курашишни, миллий, маданий ва маънавий бойлигимиз, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш ва кўпайтиришни, маданий, анъанавий ва миллий-маънавий қадриятларини чуқур эъзозлайдиган ватанпарвар инсонларни ўз сафида бирлаштиришни, миллий-маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиётнинг уйғунлигини таъминлашни, жамият­да ҳуқуқий, сиёсий онг ва маданиятни ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлашни, давлат ва жамият ўртасида ишончли мулоқот, мансабдор шахсларнинг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлиги ва фуқароларнинг давлат бошқарувидаги ҳуқуқларидан самарали фойдаланишини таъминлашни ўзининг асосий мақсад ва вазифалари сифатида белгилайди.

Сайловолди дастуримизда 8 та асосий йўналишни белгилаб олдик. Эътиборлиси, биз ҳар бир устувор вазифани амалга оширишга доир шиор қабул қилиб, вазифаларни тизимли ва содда амалга оширишни таклиф қилмоқдамиз. Масалан, биринчи “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, маънавий баркамол фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланиб, уни “Давлат ва халқ мулоқоти – фаровонлик гаровидир” шиори билан амалга ошириш назарда тутилган.

Биз, Ўзбекистонни бой маънавий-маърифий меросга эга, иқтисодий ривожланган, барқарор фуқаролик жамиятига таянган, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланган, сиёсий нуфузли мамлакат сифатида кўрамиз.

Партия бу мақсадларга эришишда асосий манба бўлган халқимизнинг маънавий ва моддий камолотини ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятига инновацияларни жорий этиш, давлат бошқарувига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёр­лаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тарафдори.

Партия “парламентни – “халқ ­уйи”га, депутатларни – халқимизнинг фидойи хизматчисига айлантириш”ни амалда таъминлашни асосий вазифа деб билади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларининг, энг аввало, ўз сайловчилари билан доимий ва узлуксиз алоқасини йўлга қўйиш ор­қали халқимизнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш, уларга ечим топиш чораларини кўради.

Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, расмий ҳамда оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини оладиган аниқ ва мақсадли ишларни олиб бориш, мамлакат ичкариси ва ташқарисида ўзбек тилини ўрганиш учун шароит яратиш, шу жумладан, ўзбек тилини ўргатишга йўналтирилган бепул онлайн платформаларни яратишга кўмаклашиш каби вазифаларни илгари сурмоқда.

Иккинчи устувор йўналишнинг ­шиори  “Давлат ривожи ҳамда жамият фаровонлигига қонунларга ўз вақтида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш орқали эришиш” деб номланади.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятининг ҳақиқий ­мустақиллиги ва фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш – жамиятимиз учун кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Демократик жамиятни шакллантиришни жадаллаштириш ва бу борадаги ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятига боғлиқ. Партия суд-ҳуқуқ соҳасида демократик жамиятнинг асоси ва ҳуқуқий тизим мукаммаллиги кўрсаткичи бўлган фуқароларда ҳуқуқий онг ва маданиятни оширишни ўзининг асосий вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.

Партия қонунлар устуворлигини сўзсиз таъминлаш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусий мулк дахлсизлиги, қонунларнинг амалда ижроси, бир-бирига зид ёки такрорла­наётган нормаларга барҳам бериш бўйича тизимли фаолият олиб боради.

Партия фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришга кўмаклашишни ўзининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим вазифаси, деб билади. Мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билим тарғиботини янада яхшилашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар қабул қилинишини маъқуллайди.

Учинчи устувор йўналиш миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга бағишланган бўлиб, ундаги вазифаларни “Халқ бой бўлса – мамлакат ҳам бой, ҳам қудратли бўлади” ­шиори остида амалга ошириш белгиланган.  Партия кучли, барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришни ўзининг устувор вазифаси, деб билади. Иқтисодий муносабатларда ҳар доим индивидуал ёндашувни таъминлаш лозим, деб ҳисоблайди.

Партия мамлакатда ўрта қатламнинг кўпайиши тарафдори бўлиб, аҳолининг ўрта қатламида қаноат ва шукроналик, бой қатламида масъулият ва маънавий қадриятларни эътироф этиш, олийжаноблик каби хислатларни оширишни тарғиб этади. Аҳолининг реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, даромадлари бўйича табақаланиш даражасини пасайтириш тарафдори.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин қисқартириш ҳамда хусусий мулкни ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш тарафдори. Тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига ноқонуний аралашувга қатъий чек қўйишни таъминлаш зарур.

Партия миллий маҳсулотларимиз ва брендларимизнинг хорижга, салоҳиятли харид бозорларига барқарор кириб боришини ҳаётий зарурат, деб билади.

Мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ва хизмат кўрсатиш соҳасини самарали қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда миллий манфаатлардан келиб чиқиб олиб борилаётган фаол ташқи иқтисодий стратегияни ёқлайди. Биз жаҳон бозорида “Made in Uzbekistan” миллий брендининг обрўйини ошириш учун фаол ҳаракат қиламиз.

Туризм – иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнини янада тезлаштирувчи омил сифатида муҳим ўрин тутади. Қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга, миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни дунёга тарғиб қилишга хизмат қилади. Иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, хусусан, ­инфратузилма ривожига туртки бўлади, уларнинг янада оммавийлашишига кўмак беради.

Биз тўртинчи устувор йўналишда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ этишга эътибор қаратганмиз. Бунда “Узлуксиз тарбия ва таълим — мустаҳкам жамият ва қудратли давлат пойдевори” шиори илгари сурилмоқда. Аҳоли турмуш сифати ва даражасини, яшаш қулайликларини ошириш партиянинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Партия демократик тамойилларни таъминлашга хизмат қилувчи ижтимоий, маънавий, иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий соҳаларда гeндeр тенгликни эътироф этган ҳолда, аёллaр вa эркaклaрнинг ўзигa xoс эҳтиёжлaрини эътибoргa oлaдигaн муҳитдa ўқиш вa ишлaшлари учун шароит яратилишига катта аҳамият беради.

Оила – жамиятнинг устуни, аёл – оиланинг устуни эканлигини эътироф этган ҳолда аёлларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш учун қонунчиликка ўзгартишлар киритиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда бошланган янги давр таълим соҳасига ҳам аниқ ва қатъий талаблар қўймоқда. Партия амалдаги таълим тизимида тарбия ўрнини етарли эмас деб ҳисоблайди. “Оила – мактабгача таълим – мактаб” даврини ўз ичига олган, тарбияни устувор ҳисоблайдиган тарбия ва таълим тизими миллий ва умуминсоний қадриятларни эътироф этадиган, билимли, эркин фикрлайдиган, ҳалол ва масъулиятли инсонни шакллантиришни устувор вазифа сифатида кўриши керак. Тизимнинг самарадорлиги оила, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммоларнинг тизимли бартараф этилишини тақозо қилади.

Бешинчи устувор йўналиш “Ташқи сиёсат, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган бўлиб, ундаги вазифалар “Миллий манфаатга таянган ташқи сиёсат тинчлик ва барқарорлик асоси” шиори остида бажарилиши назарда тутилган.

Партия Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати миллий давлатчилик манфаатлари устуворлигига, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки ҳарбий таҳдиддан тийилиш, чегаралар дахлсизлиги ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларига оғишмай амал қилиш каби тамойилларга асосланганлигини қўллаб-қувватлайди.

Партия иқтисодий интеграция ва миллий манфаатлар ҳимоясига кўмаклашиш, конфессиялараро, маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат юритиш тарафдоридир.

Олтинчи устувор йўналиш маънавий-маърифий соҳага оид бўлиб, “Инсон ўзгарса — жамият ўзгаради” шиори билан тегишли вазифалар белгиланди. Шунга кўра партия миллий ўзликни англаш, ватандошларимизда миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни муҳим вазифа деб билади.

Миллий ўзликни англаш, инсон ўзлигини топиши тарихни ўрганишдан бошланади. Ўзининг миллий давлатчилик, миллий маданият ва маънавият тараққиётининг тарихий тажрибасини ўзлаштирмаган халқ миллий тикланишга қодир эмас.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ватанимиз янада шиддатли ривожланиши учун рақобатбардош ва барқарор иқтисодиётга, юксак руҳий-маънавий асосга, миллий ўзлигига эга бўлиши шарт деб ҳисоблайди.

Юртимизда маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича ҳам партиямизнинг устувор йўналишлари белгиланган. Бу борада партиямиз “Маданий меросни сақлаб, туризмни ривожлантиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш” шиори остида бир қатор вазифаларни белгилаб олган. Жумладан, партия Ўзбекистоннинг қадимий шаҳар ва қишлоқлари тарихий қиёфасини муҳофаза қилиш, бутун инсониятнинг маданий мероси бўлган тарихий жойлар, архитектура ёдгорликларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Шунингдек,  Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини реставрация қилиш институтини қайта тиклаш, археологик тадқиқотларни ва Археология институтини молиялаштириш тизимини ислоҳ этиш, шу соҳада фаолият кўрсатувчи илмий ҳамда техник ходимларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур, деб билади.

Саккизинчи  устувор йўналишда миллий ахборот маконини ривожлантириш соҳасига эътибор қаратилган бўлиб, унда “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантириш — миллий ахборот макони талаби” шиори билан бир қатор вазифалар белгиланган.

Партия миллий ахборот макони ва ахборот инфратузилмасини ривожлантирмай туриб, сўз эркинлиги ва ахборот очиқлигини таъминлашга эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлигини таъминлаш, уларни халқ билан мулоқот учун эркин минбарга айлантиришни қўллаб-қувватлаймиз. ОАВга оид қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, босма ва электрон воситаларни давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширамиз.

Партия глобаллашув шароитида миллатимизнинг ўзига хослигини сақлашни таъминлаш, унинг хавфсиз ахборот ривожи учун асос яратиш, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш, ташаббускор бўлишни ўз  фаолиятининг устувор вазифаси, деб билади.

Бугунги кунда барча жойларда партиямиздан кўрсатилган номзодлар сайловчилар билан учрашиб, партиямиз илгари сураётган ғоя ва ташаббуслари билан халқимизни кенг таништириб бормоқда.

Бўлажак сайловларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беринг!

Т.Романов,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.