«Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган куни Элликқалъа туманида бир қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Жумладан, тумандаги “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Ўзпахтасаноат”акционерлик жамияти билан биргаликда қурилган “Чамантекс” тикувчилик комплексининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов йиғилганларни мамлакатимиз мадҳияси қабул қилинган кун ва янги тикувчилик комплекси фойдаланишга топширилиши билан табриклади.
Жами 150 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехида 120 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
Корхона йилига 1 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, шундан 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинади. Тадбир иштирокчилари цех ишчиларига яратилган шароитлар билан танишди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ушбу овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, болалигидан ногирон бўлган Шерзод Атахановнинг хонадонида бўлди. Унинг яшаш шароити билан танишиб, қимматбаҳо совғалар топширди.
Шунингдек, туман ҳудудидаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди.
Шунингдек, ушбу овулдаги Искандар Матякуповнинг хонадонида бўлиб, иссиқхона фаолияти билан танишди. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Искандар ота ўз ҳовлисидаги томорқа еридан самарали фойдаланган ҳолда беш сотих еридаги лимондан йилига 80 миллион сўмдан зиёд даромад кўрмоқда.
Навбатдаги манзил янгидан фойдаланишга топширилган “ AGRO EKSIM GOLD” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона бўлди. Умумий 3,7 гектар ер майдонига эга, гидропоника технологияси асосида ташкил этилган иссиқхона йилига 750 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қувватига эга. Бу ерда мавсумий 80 доимий 50 иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Ҳозир 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.
Шу куни “Сарибий” овул фуқаролар йиғинида 150 ўринга мўлжалланган Болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Барча шароитларга эга мактабда болалар мусиқа, рассомчилик, амалий санъат билан шуғулланиш имкониятига эга.
Мазкур мактаб залида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов туман тадбиркорлари билан сайёр қабул ўтказди.
Қабулда тадбиркорларнинг тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш, ер майдонларини ажратиш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан мурожаатларининг кўпчилиги ҳал этилди. Қолганлари тегишли соҳа раҳбарлари томонидан назоратга олинди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



