Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!
Азиз Ватандошлар!
Аввало, барчангизни юртимиз Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий табриклаб, юртимизга тинчлик, оилаларингизга омонлик, иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланиши ва халқимизнинг фаровон турмуши йўлидаги эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилашга рухсат этгайсиз.
Барчангиз яхши биласиз, юртимиз Конституцияси ўзининг пухта ўйланган тамойиллари ва қоидалари билан ажралиб туради. Халқимиз тақдирини, ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжатдир.
Муҳтарам Президентимиз «Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш — Конституциямизнинг бош мақсадидир”, деб таъкидлаганидек, тинчликнинг қадрига етиш, аждодларимиз меросларини авайлаб-асраш, юртимизни янада обод ўлкага айлантириш, нуроний инсонларни, хотин-қизларимиз ва ёшларимизни қўллаб-қувватлаш – бугунги ҳаётимизнинг асосий мезонига айланиб бормоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, жамиятда ўз ўрнини эгаллаган ҳар бир инсон ўз талабчанлиги, яхшиликка интилиши, юртимиздаги имкониятлардан самарали фойдаланиши билан юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Бунда, албатта, юртимизда узоқни кўзлаган давлат сиёсати, қабул қилинаётган қонунлар, Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон бўйича қабул қилган махсус қарорлари, давлат дастурлари ҳаётимизда алоҳида ўрин эгалламоқда.
Айниқса, ўтган уч йил ичида Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонда 6 маротаба бўлгани, жумладан, жорий йилнинг август ойидаги сафари доирасида 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 та лойиҳани амалга ошириш ва шунинг ҳисобидан 14 мингга яқин иш ўринларини яратиш бўйича вазифаларни белгилаб бергани ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда. Бу лойиҳаларнинг барча манбалари аниқланиб, ишлар бошлаб юборилди. Ҳатто, бугунги кунгача 337 миллиард сўмлик 90 та лойиҳа ишга тушди.
Бундан ташқари, «Шорбулақ» ва «Еки дарья аралиғи» сув сақлагичларида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани, «Тебин булақ» руда конида лойиҳа қиймати 1 миллиард 800 миллион АҚШ доллари бўлган металл ишлаб чиқариш комбинатининг қурилиши бўйича лойиҳа-смета ишларининг якунлангани, объектнинг қурилиш ишлари 2020 йилнинг баҳор ойларида бошланиши кутилаётгани, – буларнинг барчаси иқтисодиётимизнинг жадал суръатларда ривожланишига, халқимиз даромадлари ошишига, энг асосийси, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Шу билан бирга Муҳтарам Президентимиз яратиб берган имкониятлар натижасида ўтган йили бюджет прогнозининг ортиқча ижро қисми ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ халқимиз манфаати учун қолдирилиб, бу маблағлар биринчи навбатда қишлоқларимизни обод қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, болалар боғчалари, мактаблар, маданият, спорт ва тиббиёт объектларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш каби кенг кўламли эзгу ишларга сарфланган бўлса, жорий йилги ўз маблағимизни ҳисобга олиб, бюджетга даромадлар тушуми ва ишлар кўламини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга оширишни режалаштирганмиз. Ана шундай катта режаларни бажаришни мақсад қилиш билан бирга жорий йилда ҳам бюджет прогнозини 3,5 триллион сўмга бажариб, шундан 750 миллиард сўмлик “эркин қолдиқ” маблағлари қолиши кутилмоқда.
Келгуси йил бюджет параметрлари қабул қилинишининг эътиборли жиҳати шундаки, яқинда, яъни 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида илк бор «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун маъқулланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу Қонунда Қорақалпоғистон бошқа вилоятлардан фарқли равишда барча йирик корхоналарнинг ҳамда бошқа солиқ тўламлари 100 фоиз ўзимизда қолдирилмоқда.
Қорақалпоғистонга бундай юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун бутун халқимиз номидан Муҳтарам Президентимизга минг-минглаб раҳматлар айтамиз!
Қадрли дўстлар!
Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг асоси бўлган тадбиркорликни янада ривожлантириш- бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Мана, жорий йилда “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурлари асосида 309 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилгани, 180 миллион АҚШ долларлик инвестициялар олиб келингани, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Латвия, Польша, Белорус Республикаси ва бошқа давлатларга 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотларнинг экспорт қилиниши, жорий йилда қўшимча яна Тунис, Болгария ва Сингапур давлатларига маҳсулотларнинг экспорт қилиниши – бу халқимиз насибаси ортиб, ички имкониятларимизнинг кенгайиб бораётганини яна бир бор исботлайди.
Яна ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида сўз юритсак, халқимиз интизорлик билан кутаётган энг йирик объектлардан саналган “Нукус сити” комплекси учун ер майдони ажратилиб, бош режаси ишлаб чиқилгани, шаҳар ва туманларимизнинг фармацевтика, электротехника, нефт-кимё саноати, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, тўқимачилик, туризм, чорвачилик, боғчилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга ихтисослаштирилгани, Мўйноқ туманида ҳар ойда камида 5-6 та объектнинг ишга туширилаётгани, шунингдек, бугунги байрам олдидан шаҳар ва туманларимизда 50 дан ортиқ объектнинг фойдаланишга топширилаётгани, халқимиз тарихини ўзида жамлаган пойтахтимиздаги Тарих ва маданият музейининг фойдаланишга топширилгани, миллий маданиятимиз дурдоналарини халқимизга туҳфа этишда муҳим саналган “Кино-концерт зали”нинг ишга тушгани каби кўпгина мисолларни келтиришимиз мумкин.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозим, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан яқинда ушбу театрда “Оролбўйи-экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзусида ўтказилган халқаро экологик конференцияда 30 га яқин давлатнинг нуфузли ташкилотларидан 250 дан ортиқ меҳмонлар қатнашиб, халқимиз тақдири ва юртимиз келажаги билан боғлиқ жуда муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Муҳим жиҳати шунда, бу каби ўзгаришлар ва янгиланишларни келажакка катта умид ва ишонч билан яшаётган халқимиз ҳаётида, кундан кунга чирой очаётган барча шаҳар ва туманларимиз мисолида, иқтисод, саноат, қурилиш, транспорт ва ижтимоий соҳаларда эришилаётган натижаларда кўплаб учратишимиз мумкин.
Бунинг учун албатта, Сизларнинг ҳамда бутун халқимиз номидан Муҳтарам Президентимизга яна бир бор минг-минг раҳматлар айтамиз!
Азиз дўстлар!
Мана, бугунги кунда юртимиз келажаги ва халқимиз тақдири билан боғлиқ ғоят муҳим сиёсий мавсум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар олдида турибмиз.
Шуни мамнуният билан таъкидлашимиз лозим, сайлов кампанияси даврида халқимизнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари юксалгани, дунёқараши кенгайиб, фаоллиги ортаётгани, энг асосийси, юртимизнинг эртанги кунга масъулияти яққол кўзга ташланмоқда.
Бўлажак сайловларда халқимиз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, мамлакат тақдири учун ўзларининг бефарқ эмаслигини яна бир бор исботлайди, деб қатъий ишонамиз.
Қадрли ватандошлар!
Сизларни мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан яна бир бор қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга омонлик, инсонларнинг дарди билан яшаб, уларнинг ёрқин келажагини таъминлаш, юртимизнинг янада гуллаб-ривожланиши йўлидаги эзгу ишларингизда юксак муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.



