Шимоли-ғарбий ҳарбий округида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди


Айни кунларда “Ватанпарварлик-миллий юксалишнинг кафолати” шиори остида 2019 йилнинг 15 декабридан 2020 йилнинг 15 январь санасига қадар ватанпарварлик ойлиги муносабати билан бир қанча маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мана шундай тадбирлардан бири Шимоли-ғарбий ҳарбий ­округи Нукус гарнизонининг ­ҳарбий бўлинмаларида Ўзбекис­тон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамда Нукус шаҳар Мудофаа ишлари бўлими билан биргаликда ўтказилди. Шаҳар ва туманлардан келган 500 нафарга яқин ёшлар ҳарбий бўлинмаларнинг фаолияти, ҳарбийлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Ўқувчилар ўқув биносидаги кутубхона, интернет, инглиз тили, физика-математика, артиллерия, ҳарбий топография, инженерлик-тактик  тайёргарлик, мерганлар, пулемётчилар, гранатометчилар ва танкчиларни тайёрлашга мўлжалланган хоналарга, панорамали тренажёр ва ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти хонасига ҳамда Нукус гарнизони миниполигонига саёҳат қилишди.

Айниқса, ҳарбий чавандозларнинг отлар билан кўрсатган кўргазмали машғулотлари ҳам ўқувчиларда ўзгача таассурот қолдирди.

— Кеча мактабимизда ­ҳарбийлар билан учрашув бўлиб ўтган эди, — дейди Нукусдаги ­   41-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нурсулиў Қарсибаева. — Энди бизлар ҳарбий бўлимда меҳмондамиз. Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун яратилган замонавий шароитларни кўриб қувондим. Айниқса, кутубхонада энг сара асарлар тўпламини кўриб завқландим. Ҳарбийлар ҳаёти биз тасаввур қилгандек, фақатгина полигон, қурол, ҳарбий машғулотлардан иборат эмаслигини кўрдик. Келажакда мен ҳам ҳарбий ходим бўлишни мақсад қилдим.

Экскурсия доирасида “Ватан ривожига ҳисса қўшаман!” шиори остида Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан меҳнат ­ярмаркаси ҳамда “УМУ китоблар” масъулияти чекланган жамияти томонидан китоб савдоси ўтказилди.

Амударё туманидан келиб, Нукус гарнизонида бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаяпман, — дейди Сирож Ражабов. — Ҳайдовчилик  гувоҳномасига эгаман. Ярмаркада Ёнғин хавфсизлиги бошқармасида ҳайдовчиларга бўш иш ўрни бор эканлигини кўриб, ҳарбий хизматдан сўнг шу ерга ишга кираман,— деб ният қилдим. Келажакда мен ҳам Ватанимга муносиб хизмат қилмоқчиман.

“Ҳунарманд” бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлими аъзоси Фериде Базарбаеванинг қуроқ кўрпачалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ёшлар эътиборидан четда қолмади. Қорақалпоқ миллий нақшларини тикишга қизиқадиган қизларни бирлашмада келгуси йилнинг январь ойидан бошланадиган бепул дарсларга таклиф этди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад, ёшларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизмат ва Ватан олдидаги фарзанд­лик бурчини катта масъулият билан бажаришга бўлган интилишини орттириш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ҳурматни янада кучайтириш, ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол инсон сифатида шакллантиришга қаратилган эди.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.