«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси ташаббуси билан «Тўрткўл дон маҳсулотлари» масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб ушбу масъулияти чекланган жамиятга қарашли тегирмон цехининг очилиш маросимида иштирок этди. Умумий қиймати 7 миллиард сўм бўлган янги цехда бир кеча-кундузда 60 тонна буғдой қайта ишланиб, сифатли ун маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Цехда 20 нафардан зиёд киши иш билан таъминланди.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда бир йилда 2 миллион 20 минг тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга 52 та тегирмон цехи, 96 минг тонна ун, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга 118 та нон цехи, 39 минг тонна макарон ишлаб чиқариш қувватига эга 47 та макарон цехи, 97 минг тонна ёрма ишлаб чиқариш қувватига эга 13 та ёрма цехи, 1 миллион 412 минг тонна омухта ем ишлаб чиқариш қувватига эга 48 омухта ем цехи фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу ишлаб чиқариш цехлари томонидан ички истеъмол бозорларига доимий равишда ун, нон ва нон маҳсулотлари, макарон ва ёрма маҳсулотлари етказиб берилмоқда. “Ўздонмаҳсулот” компаниясида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни қуриб ишга тушириш бўйича бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хориждаги компания ва фирмалар томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналардан фойдаланилмоқда.
2014-2019 йиллар мобайнида тизимда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги қувватларни қуриб ишга тушириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида жами 103,8 миллион долларлик 112 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Шундан 63 таси янги қувватлар бўлса, 49 лойиҳа бўйича модернизация ишлари бажарилди. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда Туркия, Россия, Германия, Украина, Хитой, Тайван ва Италия давлатларининг илғор компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий технологиялардан фойдаланилди.
Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошди, маҳсулот сифати янада яхшиланди, электр-энергия сарфи 15-20 фоизгача камайди ва тизимда қўшимча 1 минг 623 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, тизимда 16,4 миллион АҚШ долларилик 12 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига кўра 18,5 миллион долларлик 14 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Тизимдаги маънан ва жисмонан эскирган ускуналар замонавийларига алмаштирилади ва энергия тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади.
Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари батафсил жавоб берди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ,
олган сурат.



