Ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди


Шу йил 14 январь куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалполғистон Республикаси бош­қармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига янги уйларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий маъмурий сектори раҳбари М.Ерниязов сўзга чиқиб ­йиғилганларни Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни ҳамда янги тураржойларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан самимий қутлади.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, унинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда жамият хавфсизлигини сақлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, халқимизни турли хавф- хатар ва ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилаётган Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига ҳар бири 30 квартирали иккита янги тураржойнинг қурилиши бунинг ёрқин исботидир.

Шундан кейин янги тураржойларнинг калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, туруржойларни сифатли қуриб битказган қурувчиларга ҳам совғалар берилди.  — Байрам арафасида оила аъзоларимиз билан уч хонали уйга эга бўлдик, — дейди Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходими сержант ­Ш.Адамбаев.

— Биз ҳарбий хизматчиларга эътибори ва ғамхўрлиги учун, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз.

Тадбир иштирокчилари янги тураржойларда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Қорақалпоғистон

ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.