Қонликўлда фаол ёшлар қўллаб-қувватланди


Жорий йилнинг 1 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг ташаббуси билан Қонликўл туманида ёшлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов туман ёшлари ва тадбиркорлари билан учрашди.

Президентимизнинг 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан бўлган учрашувида таъкидланганидек, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади. Мазкур учрашувда Президентимиз томонидан ҳар бир раҳбарга ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг ечимига доир тегишли чоралар кўриб бориш вазифаси юкланган эди. Бугунги кунда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай имкониятлардан кенг фойдаланаётган ёшларимиз турли соҳаларда ўзларининг фаоллигини кўрсатмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз» шиорини қўллаб-қувватлаган республикамиз ёшлари бугунги кунда Оролнинг қуриган тубида «Ёшлар ўрмонзорлари»ни барпо этиш ишларида фаол иштирок қилмоқдалар.

Ёшлар бўйича Қорақалпоғистон Республикасидан бошланган янги ташаббусимизни бутун мамлакатимиз бўйича амалга оширамиз. Мен вилоят раҳбарларини, жойлардаги барча жамоатчиликни ушбу масалага жиддий эътибор беришга чақираман, — деган эди Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида.

Учрашувда ёшларнинг ­муаммолари тингланди ва уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди. Айримлари ўрганиб чиқиш учун тегишли соҳа раҳбарларига топширилди.

— Бугунги учрашувда туман Халқ таълими бўлимига қарашли 21-умумтаълим мактаби қошида бўш турган иморатни “ноль” қийматда олиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини очиш бўйича таклифимни билдирдим, — дейди тумандаги “Аралбоев Муратбой” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муратбой Аралбаев. — Бу таклиф туман ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари томонидан ўрганилиб, ёрдам бериладиган бўлди.

Учрашув сўнггида бир гуруҳ ёшларга совғалар топширилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг иккинчиси бу ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдир. Шу муносабат билан туман марказида “Спорт-саломатлик гарови” шиори остида марафон ўтказилди. Унда ўқув муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидан ёшлар иштирок этди. Мусобақа якунида қизлар ўртасида 7-мактабгача таълим муассасаси  ходими Жамила Узақбаева биринчи, 3-мактабгача таълим муассасаси ходими Гавҳар Қалмуратова иккинчи, 7-мактабгача таълим муассасаси ходими Гулмира Жумамуратова учинчи ўринни эгаллаган бўлса, ўғил болалар ўртасида 5-умумтаълим мактаби ходими Жўрабек Алламбергенов маррага биринчи бўлиб келди. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан совғалар топширилди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида қатор ишлар олиб борилмоқда. Зеро, китобхонлик ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини, онгу-шуури ва дунёқарашини кенгайтириш, она Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда алоҳида аҳамиятга эга.

Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 18-умумтаълим мактабида “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичи ғолиби, ­Президент сов­ғаси “Спарк” автомашинаси соҳибаси Нурсулув Қўқонова билан учрашув ташкил этилди. У ўз сўзида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Учрашувдан сўнг мактаб жамоасига ташкилотчилар томонидан китоблар туҳфа этилди.

Ёшлар марказида туманнинг фаол ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари мактабида ёшлар билан бўлган учрашуви, шунингдек, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунча берилди.

Яқиндагина фойдаланишга топширилган Маданият марказида таниқли санъат усталари билан бўлган учрашув ёшларда катта таассурот қолдирди. “Менинг севган қаҳрамоним” мавзусида ташкил этилган мазкур тадбир  меҳмонлари ёшлар билан ижодий мулоқотда бўлиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Туманда “Ёшлар боғи”ни барпо этиш учун 10 гектар ер майдони ажратилди. Шу куни яхши ниятлар билан дастлабки мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Келгусида бу ер ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қиладиган серфайз масканга айланади.

Ўтган йили фойдаланишга топширилган “Жайҳун” ўйингоҳида футбол бўйича мусобақа ўтказилди. Унда Қонликўл, Шўманай, Қўнғирот ва Хўжайли туманларининг ёш футболчилари иштирок этди. Мазкур мусобақада майдон эгалари ғалабага эришди. Тадбир якунида тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига Президентимиз совғаси-спорт жиҳозлари топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида туман ёшларининг «Kanteks invest» масъулияти чекланган жамиятига саёҳати уюштирилди. Бу ерда тажрибали тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Кун бўйи давом этган турли мавзулардаги тадбирлар унутилмас лаҳзаларга бой бўлиб, туман ёшларининг янги ташаббусларига замин яратди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.