МАҲАЛЛА — МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР МАСКАНИ иш услубимиз янгиланмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони ҳамда  «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларда аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишдек уставор  мақсад ва вазифалар назарда тутилган.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг  Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён қилинган Ватанимиз тараққиёти, ёшларимиз баркамоллиги, аҳоли фаровонлигига дахлдор барча йўналишлар ва вазифалар бугунги кунда ҳар бир депутатга катта дастуриламал ва кучли қанот бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг «Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз», деб билдирган ишончи халқ ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган ҳар бир депутатдан иш услубини янгилашни талаб қилмоқда.

Бугун ўз сайловчиларимизни ишонтириб айтаманки, бизнинг иш жойимиз одамлар орасига кўчди.  Маҳаллаларга кириб бориш, хонадонларда бўлиш, мактаб ўқувчилари, ота-оналар билан мулоқотлар бугунги кунда ҳаётимиз янгиланганидан, аҳолининг онг-тафаккури ўсганлигидан, ёшларимиз ­дунёқараши кенгайиб бораёт­ганидан дарак бермоқда.

Яқинда Нукусдаги менга ишонч билдириб депутат қилиб сайлаган «Амударё» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашдим. «Тахтакўпир»  кўчасида яшовчи фуқаро Ж.Медетова, «Айтекебий» кўчасида яшовчи фуқаролар Д.Аметов, Т.Исмоиловлар кўчаларга тунги ёритгичлар қўйилмагани, неча йиллардан буён асфальт янгиланмагани каби муаммоларни ўртага қўйдилар.

«Композитор» кўчасидан фуқаро Ж.Пирниязова маҳаллага нуроний отахонлар, кексалар учун дам олиш маскани, ёшлар учун спорт майдончаси, кутубхона қуриш бугунги кун талаби, деб ҳақли эътироз билдирди.

20 дан ортиқ фуқаролар уй-жой, иш билан таъминлаш, болалар боғчасига фарзандларини жойлаштириш каби муаммоларни ўртага ташладилар.

Бу муаммолар албатта Нукус шаҳар  бош архитектори Ж.Жексинбоев, Кадастр бўлими раҳбари А.Худойбергенов, Мактабгача таълим бўлими бошлиғи К.Сейдуллаев, «Давлат хизматлари» бўлими бошлиғи А.Жўлдосбоевлар томонидан амалга оширилиши йиғилиш қарорида  қайд қилиниб, мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олинди.

Қувонарлиси шундаки, фуқароларимизнинг сўзи, таклиф ва талаблари Президентимиз Мурожаатида  «Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим», деган таъкидларига жавоб беради.

Бунинг учун эса биз янгича иш фаолиятимизни маҳаллаларга кўчиришимиз айни муддаодир.

Президентимиз яқинда маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мус­таҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам «–Оила-муқаддас деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир»,– деб таъкидлаб ўтган эдилар.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, азалдан чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келган, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож одамлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирлар бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар, авваламбор, маҳалла муҳитида шакл­ланиб ривожланган ва Ҳазрат Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” асарида маҳалла “шаҳар ичидаги шаҳарча” дея таърифланган.

Эътироф қилиш керакки, маҳалла аввал турмуш тарзини, миллий урф-одатлар ва анъаналарни мужассамлаштирган тузилма сифатида қарор топган. Ҳатто, энг ­қалтис, энг таҳликали дамларда ҳам ­ижтимоий обрўсини сақлаб қолиб, эл-юрт таянчи ва суянчига, халқ виждонига, жамоатчилик нуқтаи назарини ифодаловчи ўзини ўзи бош­қариш тизимига айланган.

Биламизки, мустақиллик йилларида тарихан миллий анъаналарга йўғрилган, мустақиллик  янада теран мазмун-маъно касб этган ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий базасини яратишга асос солинди. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Бугунги кунда маҳалла илк бор конституциявий институт даражасига кўтарилди.

Ташкилотнинг бош мақсади фуқаролар йиғинларини аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, уларнинг давлат  бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга, маданий-маърифий ишларни кенг амалга ошириш, миллий ва маънавий қадриятларни изчил тарғиб қилиш, фаолиятини такомиллаштириш орқали ижтимоий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга мададкор бўлишдан иборат.

Буларни таъкидлаганимиздан мақсад биз депутатлар Президентимизнинг Мурожаатномаси асосида ўз иш фаолиятимизни маҳаллаларда давом эттиришимиз керак. Чунки, оилаларнинг тинч-тотувлиги, фарзандлар баркамоллиги, жиноятлар камайиши, тадбиркорлик ривожланиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, қизларимизни турмушга тайёрлаш сингари барча вазифаларимиз маҳаллалар ҳаётига кириб боришимиз билан ҳал бўла бошлайди.

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сессиясида Қорақалпо­ғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Янги сайланган вазирга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар  Кенгаши Раисининг ўринбосари мақоми берилди. Вазирнинг ўринбосарлари тайинланди. Уларнинг вазифалари белгиланди. Бу фақатгина маҳалла учун мутасадди шахсларга эмас, балки барчамизга жуда катта масъулият юклайди.

Демак, биз иш услубимизни янада такомиллаштиришимиз,  янгилашимиз зарур.

Бу бизнинг давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасига берган амалий жавобимиз бўлади. Шунингдек, Президентимиз томонидан яқиндагина қабул қилинган маҳалла ва  оиланинг жамиятдаги мавқеини янада оширишга қаратилган фармон ва қарорнинг ижросини таъминлашда фаол иштирок этган бўламиз.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.